2024/2025 йилги мавсум “Рeал Мадрид” учун энг оғири бўлдими?

13:36 26 Июль 2025 Спорт
286 0

Фото: AP

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг “Реал Мадрид” ўз футболчиларига уч ҳафталик таътил эълон қилди. Жамоа янги мавсумга тайёргарликни 4 августдан бошлайди.

Турли манбаларда “Қироллик клуби” ўтган футбол йили ўз тарихидаги энг қийин мавсумни ўтказгани айтилмоқда. Ҳақиқатдан шундайми? Келинг, ҳаммасини бир бошидан кўриб чиқамиз.

2024/2025 йилги мавсум “қаймоқранглилар” УЕФА Суперкубогида иштирок этишлари сабабли, расмий ўйинларни олдинроқ бошлади. Яъни “Реал Мадрид” биринчи учрашувни 15 августда Италиянинг “Аталанта” клубига қарши ўтказди. Тўрт кундан сўнг эса Испания чемпионати — Ла лига бошланди.

Умумий ҳисобда “Реал Мадрид” учун 2024/2025 йилги мавсум 325 кун давом этди. Бу муддат ичида жамоа қуйидаги 7 та мусобақада иштирок этди: УЕФА Суперкубоги, Испания Ла лигаси, Испания Қирол кубоги, Испания Суперкубоги, УЕФА чемпионлар лигаси, Интерконтинентал кубоги, Клублар ўртасида жаҳон чемпионати.

Клуб ўтган мавсум барча мусобақаларда 68 та ўйинда майдонга тушди. Бу “Реал Мадрид” ҳар 4.5 кунда битта расмий ўйин ўтказганини билдиради.

Европалик спорт тиббиёти мутахассисларининг тадқиқотларини ёритувчи “British Journal of Sports Medicine” манбасига кўра, футболчиларнинг қайта тикланиши учун футбол учрашувларининг ўртасидаги фарқ 5-7 кунни ташкил этиши керак. Бундан кўриниб турибдики, мадридликлар билан бўлган ҳолат тиббий жиҳатдан ўзини оқламайди. Айни омил ҳам жамоада жароҳатлар кўпайиб кетишига ҳам сабаб бўлган.

“Diario AS”нинг ёзишича, айнан шу сабаб “Реал Мадрид” футболчилари ўтган мавсум 51 марта жароҳат олишган. Бу ҳам Испания матбуотида турли эътирозларга ҳам сабаб бўлди.

Ўз навбатида, клуб раҳбарияти ҳам Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақаси олдида оғир мавсум ўтказган футболчиларнинг ҳолатини тўғри баҳолади ва уларга қўшимча мотивация бериш мақсадида мукофот пули беришни эълон қилди.

“Marca” нашри маълумотига кўра, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг ҳар бир футболчига 280 минг евродан мукофот пули берилган. Манба жамоа чемпион бўлганида бу сумма бир миллион еврони ташкил этиши мумкинлиги ҳақида ёзди. “Қироллик клуби” эса турнирни ярим финалда тарк этди.

Умумий ҳисобда “Реал Мадрид” учун икки мавсум орасидаги фарқ 40 кунни ташкил этмоқда. Аммо футболчиларга дам олиш учун берилган вақт 24 кун. Айнан шулардан келиб чиққан ҳолда 123 йиллик тарихга эга клуб ўз фаолиятидаги энг оғир мавсумини ўтказгани айтилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер