2024 йилда 150 дан ортиқ иқлим офатлари қайд этилди – БМТ

12:26 20 Март 2025 Дунё
253 0

БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти (WМО) ҳисоботига кўра, 2024 йил ер юзида рекорд даражадаги иссиқ йил бўлди. Иссиқлик тўлқинлари, сув тошқинлари ва кучайган довуллар натижасида дунё бўйлаб 150 дан ортиқ табиий офатлар юз берди. Бу ҳодисалар миллионлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир кўрсатиб, минглаб уйларга зарар етказди ва озиқ-овқат етишмовчилигига сабаб бўлди.

Ҳисоботда айтилишича, дунё бўйлаб 800 мингдан ортиқ киши табиий офатлар сабабли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Бу 2008 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

2024 йилда дунёнинг турли ҳудудларида 151 та мисли кўрилмаган иқлим ҳодисалари қайд этилди. Японияда ҳароратнинг кескин кўтарилиши юз минглаб кишининг иссиқдан жабр кўришига сабаб бўлди. Австралиянинг Карнарвон шаҳрида ҳарорат 49,9 даражага, Эроннинг Табас шаҳрида 49,7 даражага етди. Малида эса мамлакат бўйлаб 48,5 даражагача иссиқлик кузатилди.

Италияда рекорд даражадаги ёғингарчилик натижасида сув тошқинлари ва электр узилишлари кузатилди. Сенегал ва Бразилияда сел минглаб уйларни вайрон қилди. Покистонда эса тўсатдан юз берган сув тошқинлари экинларга жиддий зарар етказди.

Иқлим ўзгариши туфайли 2024 йилда довуллар ҳам мисли кўрилмаган даражада кучайди. Филиппинга бир ой ичида олтита тайфун урилди. АҚШнинг Флорида штати тарихида энг кучли бўлган «Helene» довули рўйхатга олинди. Ветнамда эса 3,6 миллион кишига таъсир қилган «Yagi» супер тайфуни содир бўлди.

БМТ бош котиби Антонио Гутеррес дунё етакчиларини иқлим ўзгаришига қарши фаолроқ чоралар кўришга чақирди. У арзон ва тоза энергия манбаларидан фойдаланиш иқлим инқирозини юмшатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти вакили Люк Парсонснинг фикрича, 2024 йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йил бўлди. Бироқ олимлар кейинги ўн йиллик янада иссиқ бўлишини тахмин қилмоқда. У иқлим ўзгариши туфайли табиий офатлар сони ва шиддати янада ортишини таъкидлаб, глобал миқёсда ислоҳотлар зарурлигини билдирди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда 550 дан ортиқ иссиқлик тўлқини, сув тошқини, бўрон ва ёнғин глобал исиш натижасида янада кучайган. Шунга қарамай, углерод чиқиндилари ҳали ҳам камаймаган, бу эса иқлим инқирозининг янада жиддийлашишига олиб келиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?