2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларга доир қонун кўриб чиқилди

17:09 18 Декабрь 2024 Сиёсат
280 0

Фото: Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама этилди.

Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашини таъминлаш мақсадида таълим соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқ, ҳатто чекка-чекка ҳудудларда ҳам ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш борасида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни, маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг солиқ, божхона ва бюджет қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг талаблари билан уйғунлаштириш юзасидан қатор чоралар кўриляпти.

Қонунда тадбиркорлик ва кичик бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банкларининг устав капиталини ошириш учун 2,5 трлн сўм, маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга 1,3 трлн сўм, таълим кредитига бўлган талабнинг юқорилиги ҳамда ўтган йилда юзага келган қарздорликни қоплаш учун Таълим кредитини молиялаштириш жамғармасига 840,5 млрд сўм қўшимча равишда ажратиш белгиланган.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва давлат аҳамиятидаги тадбирларни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасига 524,8 млрд сўм, Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 200 млрд сўм қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Қонунда бир-бирини такрорловчи штатлар бирликлари қисқартирилгани ҳисобига бюджет маблағлари тежалаётгани ҳамда объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга режалаштирилган маблағлар ҳамда жорий йил бюджет харажатларини ўзлаштириш имкониятларидан келиб чиқиб, айрим харажатлар мақбуллаштирилмоқда.

Қонунда республика бюджети харажатлари қарийб 10 трлн сўмга оширилмоқда.

Сенаторлар 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга киритилаётган барча ўзгартиришлар республика бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли, самарали ҳамда натижага йўналтирилган ҳолда сарфланишига, долзарб муаммоларнинг ечимини топишга ва уларни маблағ билан таъминлашга қаратилганлигининг муҳимлигини таъкидлаб, ушбу Қонунни маъқуллади.

Фото: Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?