2023 йилнинг “Энг яхши нотариуси” ва Энг яхши Нотариал палата ходими” аниқланди

18:31 05 Декабрь 2023 Жамият
689 0

Фото: Ўзбекистон Нотариал палатаси ахборот хизмати

Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Нотариал палатасида ҳар йили Бош Қомусимиз қабул қилинган кун арафасида ўтказилиши анъанага айланган икки босқичли “Йилнинг энг яхши нотариуси” ва “Йилнинг энг яхши Нотариал палата ходими” танловларининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу танлов нотариуслар ва палата ходимларининг касбий маданияти ва билимини ошириш, байрам арафасида фаол ва билимли нотариус ва ходимларни рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

“Йилнинг энг яхши нотариуси” ва “Йилнинг энг яхши Нотариал палата ходими” кўрик-танловларининг ҳудудий босқичлари жойларда жорий йилнинг 16 — 25-ноябрь кунлари ўтказилганди.

Танлов иштирокчилари якуний босқичнинг 1-шартида ҳакамлар ҳайъатига ўз фаолияти ҳақидаги уч дақиқалик видеороликлар тақдим этди. Иккинчи шарт Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, унда нотариусларнинг ҳозиржавоблигига эътибор қаратилди.

Фото: Ўзбекистон Нотариал палатаси ахборот хизмати

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси келаси йилнинг январь ойида 4 ёшга тўлади. Бугунги кунда Палатага аъзо бўлган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сони 1000 нафарга яқинлашиб қолди.

Палата раиси Дилшод Ашуров тадбирда фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариусларни рағбатлантириб бориш, нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат нуфузи яхшиланишига ҳисса қўшиш Палатанинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, нотариуслар ушбу танловга катта тайёргарлик, кўтаринки руҳ билан иштирок этмоқдалар.

Адлия вазирлиги ходими Ўткир Тўйчиев, Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Севара Марипова, Палата раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг холис ва шаффоф олиб борилишига эътибор қаратдилар.

Якунда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Наргис Мейлиева биринчи, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Бекзод Ғаффоров иккинчи, Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Шоҳрух Худойбоқов учинчи ўринга муносиб деб топилдилар. Уларга Палатанинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

“Энг яхши Нотариал палата ходими” танловида Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Зафар Жўраев биринчи, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош маслаҳатчиси Зулфия Османова иккинчи, Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Фурқат Акмалиддинов учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолибларга дипломлар тақдим этилди ва муносиб молиявий рағбатлантирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер