«2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

18:29 24 Ноябрь 2020 Сиёсат
1311 0

2020 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов иштирок этди.

Парламент аъзоларига қонун лойиҳаси билан бирга 2022–2023 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози ҳам тақдим этилди.

Йиғилишда қонун ташаббуси субъектлари сифатида иштирок этган Молия вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идора раҳбарлари қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда концепциясига тўхталиб ўтдилар.

Парламентга тақдим этилган қонун лойиҳаси макроиқтисодий сиёсатнинг 2021 йил учун асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган. Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга, яъни ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,1 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 5,8 фоиз, қурилишда 6,5 фоиз, қишлоқ хўжалигида 2,7 фоиз ва хизматлар соҳасида 6,4 фоиз кўпайиши назарда тутилмоқда.

2021 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 688,9 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 147 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,3 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Давлат бюджетининг харажатлари эса, 165,7 триллион сўмни ташкил этади. Бу 2020 йилдагига нисбатан 24,0 фоизга кўп бўлиб, бунда Давлат бюджет харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.

Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига коронавирус пандемияси даврида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ваколати берилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга юқори турувчи бюджетлардан ажратилиши режалаштирилган бюджетлараро трансфертлар миқдорларини инобатга олиб, тегишли маҳаллий бюджетлар лойиҳалари баланслилигини таъминлаган ҳолда навбатдаги йил учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ва харажатлар прогнозларига тенг миқдорда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.

Бюджет жараёни шаффофлигини янада ошириш мақсадида, Давлат бюджети ижросига доир маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тақдирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларига жарима қўллаш таклиф қилинмоқда.

2021 йилда бюджет харажатларида таълим соҳасида Давлат дастурларини амалга ошириш харажатларига салкам 2,2 триллион сўм, шу жумладан илк бор чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш харажатлари учун 30 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат: нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайганлигини инобатга олган ҳолда Давлат бюджетидан Нодавлат мактабгача таълим муассасаларига 600 миллиард сўм яъни жорий йилга нисбатан 2 баробар кўп субсидиялар ажратиш режалаштирилмоқда.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаровнинг қўшимча маърузаси ҳам эшитилди.

Халқ вакилларининг Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан берган саволларига Ҳукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари атрофлича жавоб қайтардилар.

Мажлисда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ва вакиллари сўзга чиқар экан, Ҳукумат томонидан тақдим этилган «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари юзасидан ўз позициясини билдирдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Масъул қўмитага қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?