2021 йил киноижодкорлар учун иккита кўп қаватли уй қуриб битказилади

17:12 19 Январь 2021 Маданият
1450 0

«Миллий кинематография соҳаси ижодкорлари, мутахассислари ва ходимларини уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Лойиҳада келтирилишича, президентнинг ўтган йил 20 ноябрдаги «Ўзбекфильм» киностудиясига ташрифи давомида миллий кинематография соҳаси ижодкорлари, мутахассислари ва ходимлари учун кўп қаватли иккита турар-жой биносини қуриш ва бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш вазифаси топширилган.

«Ўзбекфильм» ДУК ҳудудидан иккита кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун ер майдони ажратилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчиликда белгиланган тартибда иккита 9 қаватли уй-жойларни қуриш учун тендер савдолари орқали бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларини танлаб олади.

Уй-жойлар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар фойдаланишга топширилади.

Қурилган уйларнинг (майдонининг) 20 фоизи бепул «Ўзбекфильм» ДУКга хизмат уйлари сифатида берилади.

Кўп квартирали уй-жойлар қурилиши якунланиши билан уй-жойнинг тайёр квартиралари фақатгина миллий кинематография соҳаси ижодкорлари, мутахассислари ва ходимлари учун бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали берилади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги «Ўзбекфильм» ДУК ҳудудида қуриладиган кўп квартирали уй-жойлар қуриб битказилгандан сўнг бир ойлик муддатда турар жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бор, камида 5 йил шу соҳада фаолият юритган миллий кинематография соҳаси ижодкорлари, мутахассислари ва ходимлари рўйхатини шакллантириб, уларга квартиралар ажратиш бўйича шахсий жавобгарлик юкланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?