20 январь — Хуршид Даврон таваллуд топган кун
ОНА ТИЛИМ
Келиб кетди неча дунёлар,
Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.
Сен деб қурбон бўлди боболар,
Улар кетди, сен қолдинг, тилим.
Беланчагинг узра Кошғарий
Куйлаб ўтди қадим навони
Ва навқирон япроқларингга
Дил қонини берди Навоий.
Самарқанддан Бобур кетаркан
Дилда бўғиб ҳасрат сасини,
Олиб кетди она юртидан,
Туркий тилим, биргина сени.
Машрабмас, сен осилдинг дорга,
Нодирамас, сенсан сўйилган
Ҳозиқнингмас, сенинг, эй тилим,
Бошинг айру, кўзинг ўйилган.
Аммо душман ўлдирган ботир
Тирилгандек яна қасосга,
Мангу борсан ва мангу қодир
Тўлдирмоққа ерни овозга.
Ватан учун бахш этиб жонни,
Кечиб олов, кириб дарёга,
Фарзандларинг тўккан ҳар қонни
Шимирдинг сен ўхшаб гиёҳга.
Она тилим, омон бўл мангу,
Сен борсанки мен ҳам ўлмайман,
Тильдан қолсам, сени Ойбекдай
Мен кўзларим билан сўйлайман.
ШОИРНИНГ ОНАСИ
Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.
Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.
Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида,
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.
Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.
Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетдию,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.
Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: “Кетайми, болам?"
ОТА
Деразамнинг остида тонгда
Сайраган қуш сизмасми, ота?
Ё тўнимга кўклам, мозорда
Ёпишган гул сизмасми, ота?
Ўн йилдир-ки дунёда йўқсиз,
Юрагимда аламли чўғсиз.
Кўрмагансиз менинг ўғлимни,
Эркатойим, шўхим, тўқлимни.
Мен ҳам ёшим ошгани сайин
Бошимга оқ тушгани сайин
Баъзан қўмсаб сизни ич-ичдан,
Юрак титраб соғинч,илинждан,
Отам дея, алқаб ўғлимни,
Кўтараман ўзим кўнглимни.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг