«100 баробар тезроқ хотира ва фотоника инқилоби»: Янги авлод компютерлари қандай бўлади?

16:12 21 Январь 2025 Илм-фан
1040 0

Фото: Иллустратив

Технология соҳасида бўлаётган катта ўзгаришлар кундан-кунга цивилизациямизни ўз тараққиётининг чўққисига томон «судраяпти». Фотоника технологияси эса электр ўрнига ёруғликдан фойдаланиб, маълумотларни қайта ишлаш тезлигини оширишимиз ва энергия сарфини сезиларли даражада камайтиришимиз учун муҳим соҳага айланиб улгурди. Компютерлар, сунъий интеллект тизимлари ва тармоқ технологиялари илгари имконсиз деб ҳисобланган даражага айнан фотоника технологияси орқали етиб келди.

Фотоника технологияси электр сигналлари ўрнига ёруғлик тўлқинларини қўллайди. Ёруғликнинг электрга нисбатан тезроқ ҳаракат қилиши сабабли, бу технология ахборотни узатишда ва қайта ишлашда юқори самарадорликни таъминлайди. Бундан ташқари, ёруғлик ишлатилиши электр энергияси сарфини камайтиради ва қурилмаларнинг қизиб кетишини олдини олади. Масалан, бу технология ёрдамида интернет тармоқлари тезлиги сезиларли даражада оширилиши мумкин.

Ёруғлик ёрдамида ишлайдиган технологияларда махсус магнито-оптик материаллардан фойдаланилади. Олимлар церий-субституцияланган йиттрий темир гранати (Ce:YIG) деб номланган материал асосида фотоник хотира яратдилар. Ушбу материал магнит майдон ёрдамида ёруғликнинг йўналишини бошқаришга имкон беради. Натижада, маълумотлар тезкор қайта ишланади ва ҳисоблаш жараёнлари самарадорлиги ошади.

Янги турдаги магнито-оптик хотиралар ҳисоблаш тезлигини 100 баробар ошириб, электр энергиясидан 10 баробар камроқ фойдаланади. Бундан ташқари, бу хотиралар бир неча миллиард марта қайта ёзилиши мумкин, бу эса уларнинг амалий муддатини сезиларли даражада оширади.

Фотоника технологияси сунъий интеллект соҳасида янги имкониятларни яратмоқда. Сунъий нейрон тармоқлар мураккаб математик амаллар асосида ишлайди. Ёруғлик ёрдамида бу амаллар анча тезроқ ва самаралироқ бажарилади. Бу эса сунъий интеллект тизимларининг кучайишига ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш имкониятининг ошишига олиб келади.

Ушбу технология халқаро илмий ҳамкорликнинг самараси ҳисобланади. АҚШдаги UC Санта Барбара университети, Токио Илм-фан институти ва бошқа илмий марказлар бирлашиб, фотоника технологиясининг турли жиҳатларини ишлаб чиқдилар. Ҳар бир институт лойиҳанинг муайян қисмига ўз ҳиссасини қўшиб, технологиянинг мукаммал бўлишига ҳисса қўшди.

Фотоника технологияси нафақат технологик ривожланиш, балки иқтисодий ва экологик жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Бу технология соғлиқни сақлашда тезкор диагностика тизимларини яратиш, телекоммуникацияда юқори тезликдаги алоқа тизимларини ишлаб чиқиш ва энергетика соҳасида самарадорликни ошириш каби соҳаларда улкан ўзгаришлар қилиш салоҳиятига эга. Келажакда бу технологиянинг тижоратлашуви янги иш ўринлари яратиши, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириши ва энергия самарадорлигини ошириши кутиляпти.

Фотоника технологияси технология оламида инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди. Ёруғлик ёрдамида ахборотни узатиш ва қайта ишлаш усулларининг ривожланиши технология, иқтисодиёт ва илм-фаннинг турли соҳаларида янги имкониятларни очади. Ушбу ютуқ келажак авлодлар учун нафақат технологик, балки ижтимоий ва экологик жиҳатдан ҳам фойдали бўлади. Бу технология ҳаётимизни янада қулайроқ ва самаралироқ қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?