10 минг 258 та оиланинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»дан чиқарилишига Бош Прокуратура изоҳ берди

13:26 06 Март 2025 Жамият
260 0

Жорий йилда ўтказилган назорат тадбирлари давомида ижтимоий ёрдам маблағларини олиб келаётган ва моддий аҳволи яхшиланган 10 минг 258 та оила «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»дан чиқарилди. Бу чора-тадбирлар ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга давлат ёрдамларини манзилли етказиш мақсадида амалга оширилди, деб ёзади Бош Прокуратура матбуот хизмати.

Хабар қилинишича, Қашқадарё вилоятининг Касби туманида бундай ҳолатлардан бири аниқланди. У ерда фуқаро А.Ш. ўз хонадонида томорқада банд бўлиб, турмуш ўртоғи А.Б. якка тартибдаги тадбиркор сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган.

Бундан ташқари, уларнинг яшаш шароити қониқарли бўлиб, фойдаланишда «Captiva» русумли автомашина мавжуд эканлиги маълум қилинди. Шунга қарамай, Ш.А.га 2024 йилнинг 1 июлидан 3 нафар фарзанди учун ҳар ой 505 минг сўм миқдорида болалар нафақаси тайинланган ва тўлаб келинган.

Шу каби ҳолатлар Тошкент вилояти Паркент туманида ҳам қайд этилди. Реестрга асоссиз киритилиб, давлатдан моддий ёрдам олиб келган шахслар аниқланиб, прокуратура томонидан 8,2 миллион сўм маблағни ундириш юзасидан судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилди. Суд қарорига мувофиқ, мазкур маблағлар давлат фойдасига қайтарилиши белгиланди.

Давлат томонидан камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Асоссиз равишда ёрдам олган шахсларга ажратилган маблағларни бюджетга қайтариш ва ҳақиқий муҳтожларга етказиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳар бир ижтимоий ёрдам ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга манзилли етказилишини таъминлаш мақсадида назорат ишлари янада кучайтирилмоқда. Бюджет маблағларининг самарали тақсимланишини таъминлаш ва камбағалликка қарши курашиш борасида давлат идоралари томонидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқиляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?