Андижон вилоятида 250 мингдан зиёд уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги аниқланди
Фото: Халқ сўзи
Дунёнинг энг ривожланган давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ижтимоий-иқтисодий тарақққиётда ҳуқуқий маданият ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бинобарин, қаердаки инсонлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмас экан, шу ерда қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси оқсайверади. Энг ёмони, инсон манфаатлари чекланади.
Афсуски, республикамизда ҳам бу борада муаммолар йўқ эмас. Оддий мисол, мамлакатимиз бўйлаб 2 млн 600 минг аҳоли хонадонлари кадастр ҳужжатига эга эмас. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 18 июль куни ўтказилган йиғилишда бу ҳақидаги муаммолар тилга олиниб, оқибатда аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани айтиб ўтилди. Мавжуд ҳолатнинг салбий жиҳатларидан бири бу каби уйлар учун ер солиғи 3 карра кўп миқдорда ҳисобланаётганидир.
Андижон вилоятида ҳам бу борада амалга оширилиши лозим бўлган энг устувор вазифалар юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, вилоятдаги мавжуд хонадонларда хатлов ишлари учун 133 нафар кадастр муҳандиси жалб қилиниб, кунлик хатлов натижаларини умумлаштириш ва хатлов жараёнида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармасида штаб фаолияти йўлга қўйилди. Натижада шу кунгача вилоятдаги 250 мингдан зиёд аҳоли турар-жойларининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.
— Бундан беш йил муқаддам Андижон туманидаги Ҳакан қишлоғидан ҳовли-жой сотиб олгандим, — дейди “Қум кўча” МФЙда истиқомат қилувчи Ҳусанбой Салимов. — Уй эгасининг коммунал тўловлардан қарзи борлиги учун уйни номимга ўтказишда муаммолар келиб чиқди. Бу эса кадастр ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш имконини бермади. Масъул идоралар вакиллари томонидан олиб борилган суҳбатдан сўнг ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатилди.
Айни пайтда кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган турар-жойларнинг электрон рўйхатларини шакллантириш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун маҳаллабай асосида иш ташкил этиш ўз самарасини бераётир.
Дилшодбек АКБАРОВ,
Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти
бошқармаси бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбек полвонлари кураш бўйича Жаҳон чемпионатида 72 та медаль билан биринчи ўринни эгаллади
- Қайнука учун жигарини берган янга
- Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида назоратсиз қолган шерлар қоровулни ўлдирди
- Қиш суратлари: оддий ҳаётнинг ноодатий гўзаллиги
- Ўзбекистонда қиймати 14 миллион евродан ошадиган лойиҳа иш бошлайди
- Эндиликда онлайн қимор ўйинларини ўйнаш учун лицензия берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг