Сирдарёда ОАВ ходимларига ўзбекона туҳфа топширилди

23:13 27 Июнь 2021 Жамият
1278 0

Сирдарёда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган  тантана кутилмаган, аммо ҳаммага кўтаринки кайфият бахш этувчи миллий қадриятимизнинг бир намунаси билан бошланди. Тадбирга келган барча журналистларга  дўппи туҳфа қилинди.  

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сирдарёлик матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини байрам билан муборакбод этиб, жумладан , шундай деди:

- Муҳтарам Президентимизнинг бугунги сана муносабати билан йўллаган табригида «Доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб яшайдиган, жамиятда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, устувор ғоя ва ташаббусларнинг маъно-моҳиятини одамларга тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига дадил кириб борадиган сиз, азизларга мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган беқиёс ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман», дея алоҳида таъкидлаб ўтганлари бежиз эмас. Чунки дунёнинг қайси бурчагида яшашидан қатъий назар, оммавий ахборот воситалари ходимига талаб битта, у ҳам бўлса – холислик ва ҳаққонийлик.Байрам аввалида миллий бош кийимимизни совға қилишимизда ҳам рамзий маъно бор. Зеро, бунда бошингиз омон бўлсин деган тилак  мужассам. Миллий урф-одат ва анъаналаримиз , либосимиз билан фахрланиб, ғурурга тўлиб ахборот маконида юртимизнинг номи, шаънини доим юқори кўтариб юринглар,  азиз журналистлар, блогерлар!!! 

Барча туман-шаҳар ҳокимликларининг ахборот хизматлари раҳбарларига замонавий ноутбуклар совға қилинди. Меҳнат фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг оммага тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фаол журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳига вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Байрам куни яна бир хайрли иш амалга оширилди.Вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, туман - шаҳар ҳокимлари соҳа  фахрийлари ҳолидан хабар олди. Хусусан, Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев Абдужалил Умаров,  Раиса Абиятова,  Ортиқбой Султонов ва бошқаларни  касб  байрамлари билан самимий табриклаб, совғалар топширди.Янгиер шаҳри ҳокими Илёржон Хўжаев фахрий тележурналист Тоҳир Самиев, АОКАнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Азиз Эсонов  узоқ йиллардан буён босма ОАВда фидокорона меҳнат қилиб келаётган Бозорбой Бекмуродовга ана шундай иззат- ҳурмат кўрсатишди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер