55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистондан 7 нафар ўқувчи қатнашиб, барчаси ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади

17:46 26 Апрель 2021 Жамият
3188 0

2021 йил 20-26 апрель кунлари 28 та давлат ўқувчилари ўртасида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси онлайн тарзда ўтказилди. Ўзбекистон шарафини мазкур олимпиадада 7 нафар ўқувчи ҳимоя қилиб, 7 нафари ҳам медаль соҳиби бўлди.

Олимпиадада Австрия, Хитой, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, Исроил, Хорватия, Венгрия ва бошқа мамлакат жамоалари билан бирга мамлакатимиз терма жамоаси ҳам иштирок этди. Халқаро олимпиада Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти томонидан Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 9-Ахборот технологияларга ихтисослаштирилган мактабда ўтказилди ва жараёнлар ташкилий қўмита томонидан жами 17 та вебкамера ва микрофонлар орқали кузатиб борилди.

Халқаро олимпиада иккита назария турда ўтказилди. Илк босқичда барча иштирокчилар 8 та мажбурий масала ишлаган бўлса (жами 80 балл), иккинчи босқичда кимё фанининг 5 бўлимига оид 15 масаладан ихтиёрий 5 тасини ишлаш талаб қилинди (жами 75 балл). Икки босқич натижаларига кўра ғолиб ўқувчилар аниқланди.

Якуний натижаларга кўра ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчиларимиз 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан тақдирланди.

Ўтган йилги 54-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 5 та бронза медалини қўлга киритган эди.

Ғолиб иштирокчиларга дипломлар ва медаллар ҳамда совға қилинадиган китоблар ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.

Маълумот учун: Бугунги кунгача Ўзбекистон терма жамоасининг ҳисобида 7 та олтин, 20 та кумуш ва 51 та бронза медаллари мавжуд.

55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида совриндор ўринларни қўлга киритган ўқувчилар

Олтин медаль – 1 та

Фирдавс Собиров – Бухоро шаҳар 35-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси.

Кумуш медаль – 4 та

Азимжон Жамолов – Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси;

Собиржон Аманов – Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиси;

Нафиса Нормуродова – Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиси;

Дурдона Мухтархўжаева – Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси.

Бронза медаль – 2 та

Икромиддин Боймаҳаммадов – Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси;

Бегзод Рўзибоев – Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер