Шуҳрат Ғаниев: Вилоятда пандемик вазият барқарор

18:35 20 Июль 2020 Жамият
1199 0

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан брифинг ўтказди. Унда вируснинг тарқалишини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишлар хусусида ахборот берилди.

– Вилоятимизда бугунги кунда 21 та коронавирусни юқтириб олган фуқаролар шифохонада даволанмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Булардан 6 нафари Сўх туман юқумли касалликлар, қолгани эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишда бўлиб турибди. Тиббиёт ходимларининг хулосасига кўра, беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир, қолганларининг ҳолати эса қониқарли. Бугунги кунда 1 минг 138 та хонадонлардаги 1 минг 651 нафар фуқаролар карантин кузатувига олинган.

Вилоятимизда 304 та тез тиббий ёрдам автомашиналари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. 4 та шаҳар ва 15 та туманларимизга 46 та реаномобил гуруҳлари бириктириб берилган. Пандемия даврида вилоятда касалликни аҳоли орасида олдини олиш, ушбу инфекция билан касалланган, лекин аломатсиз кечаётган беморларни уй шароитида даволанишини назорат қилиш ва уларга кўмак бериш мақсадида малакали шифокорлардан иборат 137 та тиббий гуруҳлар ташкил этилган.

Ҳозирда муҳим масалалардан бири коронавирусни ташхислашга алоҳида эътибор бериляпти. Касалликни бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида вилоятимизда 7 та лабораториялар фаолият кўрсатмоқда. 15 июлдан бошлаб, 5 та хусусий клиникаларда ҳам таҳлиллар ўтказиш йўлга қўйилди.

Албатта, бугунги кунда Covid-19 ни даволаш жараёни қандай кечаётгани ҳақида менга ижтимоий тармоқлар орқали турли саволлар тушмоқда. 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бунинг учун барча шароитлар яратилган. Дори-дармон захираси етарли миқдорда бор. Беморларга юқори малакали шифокорлар хизмат кўрсатяпти. Вилоятимизда коронавирусга қарши курашиш мақсадида тиббиёт масканларида 2 минг 791 та ўрин-жой тайёрлаб қўйилган. Жорий йилнинг 1 августига қадар яна қўшимча 9 минг 600 та захира жойлари тайёрланяпти.

Вилоятимизда бугунги кунда 1 минг 224 та дорихоналар фаолият олиб боряпти. Уларнинг 229 таси ижтимоий, 13 таси кўчма ва 47 та дори-дармонларни ўзида ишлаб чиқарувчи дорихоналардир. Мазкур дорихоналарда инфекцияга қарши 61 хил турдаги дори-дармонлар захираси яратилган. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида вилоятимизда уч ойлик дори-дармонларнинг захирасини яратиш учун 10 миллиард сўмликдан ортиқ маблағлар ажратиб берилди. Дориларнинг энг керакли ва сифатлисига алоҳида эътибор қаратилди ва бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Пандемия даврида нарх-навони асоссиз ўсиб кетишини олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят, шаҳар ва туман прокуратураси масъул ходимлари томонидан кундалик назорат-таҳлил ишлари йўлга қўйилган. Яширмайман, кейинги икки ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини асоссиз ошириб юборган 221 та тадбиркорлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва тегишли чоралар кўрилди.

Пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам кўрсатиш доимий эътиборда. Вилоятимизда бугунги кунга қадар 47 мингта хонадонга манзилли кўмак кўрсатилди. «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали тушган маблағлар ҳисобидан барча шаҳар ва туманлардаги 59 мингта оилага бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Ушбу ёрдамлар ҳар куни давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимизда Covid-19 бўйича вазият барқарор. Аҳоли ўртасида инфекцияни олдини олиш, карантин талабларига амал қилиш борасида узлуксиз тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бу борада ҳеч қандай хавотирга асос йўқ.

ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер