Сирдарё вилояти ҳокими телевидение орқали вилоят аҳолисига мурожаат қилди

18:17 20 Июль 2020 Жамият
1657 0

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоят ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида «Сирдарё» телеканали орқали вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Мурожаатда шундай дейилади:

“Ҳурматли юртдошлар, азиз сирдарёликлар!”

Коронавирус балоси вилоятимизда ҳам кейинги кунларда авж олиб бораётганлиги барчамизни ташвишга солмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан касаллик манбаини жиловлаш бўйича олиб борилаётган кескин чора-тадбирлар белгиланишига қарамасдан фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилинмаслиги касалликни авж олишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кун ҳолатига вилоят ҳудудида карантин бошлангандан буён 385 нафар фуқарода касаллик аниқландишундан 140 нафари «Гулистон» чегара постидан ўтган халқаро юк ташувчилар хамда чет давлатлардан келган фуқаролар бўлса, қолган 245 нафари вилоятимиз фуқароси ҳисобланади.

Умуман олганда карантин бошлангандан буён 194 нафар фуқароларимиз тўлиқ соғломлаштирилди, ҳозирда 190 нафар фуқароларимиз даволанмоқда. Улардан 57 нафари стационар шароитида, қолган 133 нафари уй шароитида тиббий назоратга олинган.

Ҳозирги вақтда 31 нафар беморимизда пневмония ҳолати аниқланган, биронта бемор сунъий нафас олиш аппаратларига уланмаган. Менга тақдим этилган маълумотга кўра, 22 нафар уй шароитида даволанган фуқароларимиз олинган таҳлил натижаларига кўра тўлиқ соғломлаштирилган.

Албатта ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти ётганлигини ҳаммамиз тўғри тушуниб турибмиз. Минг афсус, Гулистон туманидан бўлган, кўп йиллар тиббиёт тизимида самарали меҳнат қилган инсон айнан касаллик асорати сабабли вафот этди. У кишининг яқинларига таъзиямизни изҳор қилган ҳолда одамларимизни яна бир бор ҳушёрликка чақирамиз.

Шифокорларимизнинг тажрибаси ҳам ошиб бормоқда, кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали соғайиб чиқаётган фуқароларимиз тўғрисида маълумот бериб борилмоқда. Бу албатта яхши. Лекин, ҳеч биримизни хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Сўнгги 3 кун ичида 124 ҳолатда инфекция тасдиқланди. Вилоятдаги санитария эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб қолмоқда. Эътибор беринг, вилоятимизда 224 та маҳалла бўлса, шундан 97 тасида касаллик аниқланган. Ушбу бир рақам касалликнинг қанчалик орамизга кириб боргани, яқинларимиз соғлигига таъсир кўрсатаётганлигини англаш учун етарли бўлса керак.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 3 минг кишига етадиган захира ўринлари шакллантирилди, дори-дармон учун 3 млрд сўм маблағ ажратилди, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази учун қўшимча 14 та автомашина харид қилинди, Колл-марказ ишга туширилди, алоқаси мавжуд бўлмаган 55 та қишлоқ врачлик пунктларига телефон алоқаси ўрнатилди.

Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари туну кун кучайтирилган тартибда хизматларини олиб боришмоқда, ИИБ ва МГ ҳамкорликдаги рейд тадбирлари давомида бир кунда 389 та, тадбир бошидан эса 1 857 та карантин қоидаларини бузиш ҳолати аниқланган.

Шунингдек, 1 204 та автотранспорт воситасида ҳаракатланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, 222 та автотранспорт жарима майдонига жойлаштирилган.

Санитар - эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида эса 3 145 киши инфекцияга чалинган шахслар билан мулоқотда бўлганлиги аниқланиб, назоратга олинган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан кейинги 3 йилда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича улкан ишлар бажарилди. Вилоят тиббиёт муассасаларида 96 та ИВЛ ускунаси, 95 та СПАП (ўпка вентиляцияси), 57 та кардимонитор, 78 – пульс ўлчаш, стационар рентген аппаратлари мавжуд. Тиббиёт муассасаларимиз етарли дори-дармон, малакали шифокор ва кичик тиббиёт ходимлари билан таъминланган. Лабораторияларимиз узлуксиз иш режимига ўтган.

Ҳурматли фуқаролар! Бутун давлат органлари оёққа туришган. Шундай бир вазиятда Сизлардан бир илтимосимиз ва талабимиз бор: карантин қоидаларига риоя қилинг, ниқобсиз кўчага чиқманг, мулоқот давомида ижтимоий масофани сақланг.

Ҳар бир инсон ҳаёти биз учун олий қадрият. Бир нарсани тўғри тушунинг, бугун касаллик билан ҳақиқий жанг кетмоқда. Жангда ғалаба қозонишнинг бирдан-бир олтин қоидаси, аввало, ҳар бирингиз ўзингиздаги бефарқликни енгсангизгина касаллик енгилади. Ваҳимага тушманг, иситмангиз кўтарилгани, бу коронавирус дегани эмас, шифокорга мурожаат қилинг, сизнинг ҳеч бир мурожаатингиз эътиборсиз қолдирмайди.

Бирон бир муаммо ёки савол туғилса, куннинг исталган вақтида 226-10-03 телефонига мурожаат қилинг. Ҳар бир мурожаат назоратга олинган.

Айрим фуқароларимиз уй шароитида ўзини ўзи даволашга ўтганлиги касаллик ривожланиб пневмония даражасига ўтиб кетаётганлиги ҳам рост гап. Эслатиб ўтмоқчиман, диагнозни фақат ва фақат шифокор қўйишга ҳақли.

Карантин жорий этилгандан буён бир ҳақиқатни барчамиз англаб етдик деб ўйлайман. Ўзимизни, оиламизни, фарзандларимиз соғлиги учун аввало ўзимиз масъулмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?