Илм — улуғворлик сари элтувчи мустаҳкам пойдевор

11:48 18 Декабрь 2025 Жамият
197 0

Санъат ва жасорат, илму маърифат билан ном қозонган Сурхондарё бугун тараққиётнинг мутлақо янги поғонасига қадам қўймоқда. Воҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилаётган янгиланишлар ҳамда қўлга киритилаётган салмоқли натижалар ҳудуднинг жадал ривожланаётганини яққол кўрсатади.

Дейлик, бундан 8 йил аввал вилоятда ягона Термиз давлат университети фаолият юритган бўлса, бугун давлат раҳбарининг халқ манфаатига қаратилган адолатли сиёсати самараси ўлароқ, олий таълим муассасалари сони еттитадан ошди. Ана шу тараққийпарвар ислоҳотлар замирида 2020 йилдан эътиборан Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Айни пайтда таълим муассасасида 329 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда. Улар орасида тўққиз нафарини фан доктори, саксон нафарга яқини фан номзодлари, тўрт нафари профессор, ўттиз нафарга яқини доцентлар, саксон нафардан зиёди катта ўқитувчилари ҳамда 130 нафар ассистент ўқитувчи мавжуд бўлиб, умумий илмий салоҳият 27 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар олийгоҳда илм-фанга алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради, албатта.

Халқаро ҳамкорлик ва илмий салоҳият уйғунлиги

Дарҳақиқат, “Илмнинг чегараси йўқ”, деган ҳикмат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шу боис институт халқаро ҳамкорликни кенг йўлга қўймоқда. Айни пайтда саксондан ортиқ хорижий давлатлар университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлиб, улар таълим жараёни ҳамда илмий-тадқиқот ишларига самарали татбиқ этиб келиняпти.

Мисол учун, Россия Федерациясининг Олтой давлат университети билан ҳамкорликда (1+1) магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда. Шунингдек, Афғонистон, Қатар, Туркия, Индонезия, Малайзия, Жанубий Корея, Тожикистон ва Қозоғистондаги нуфузли олийгоҳлар билан ҳам ҳамкорлик алоқалари изчил йўлга қўйилган.

Айтиш жоизки, замонавий талаблардан келиб чиқиб, институтда талабалар учун барча қулайликлар яратилган. Учта ўқув биносида жойлашган 114 та ўқув аудиторияси, жумладан, 23 та маъруза хонаси, 66 та амалий машғулот хонаси, 18 та семинар ҳамда 12 та лаборатория хонаси, шунингдек, 5 та спорт зали ҳамда ўйингоҳлар ёшлар ихтиёрида. Барча биноларда барқарор Wi-Fi зоналари мавжуд бўлиб, аудиториялар интернет тармоғига уланган, ўқув жараёнларини масофадан кузатиш тизими ҳам жорий этилгани айни муддао бўлмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида институтда 2 нафар профессор-ўқитувчи фан доктори (DSc) ҳамда 10 нафар профессор-ўқитувчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини қўлга киритди. Илмий фаолликни ошириш мақсадида профессор-ўқитувчилар томонидан 30 та Scopus ҳамда ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда 3 та Scopus базаларига кирувчи илмий журналларда мақолалар чоп этилди. Шунингдек, республика анжуманларида 125 та, халқаро анжуманларда 220 та, маҳаллий ОАК журналларида 200 та ва хорижий ОАК журналларида 190 та илмий мақолалар эълон қилинди.

Илм-маърифат манбаи

Илмга чанқоқ, изланувчан устозлар саъй-ҳаракати натижасида институт талабалари ҳам юксак ютуқларга эришмоқда. Хусусан, тўрт нафар талаба Президент стипендияси, тўрт нафар Ислом Каримов номидаги, ўн нафар Алишер Навоий номидаги, икки нафар Мирзо Улуғбек номидаги ва яна икки нафар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Давлат стипендиялари совриндори бўлди.

Илм-маърифат манбаи бўлган китобхонликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институт Ахборот ресурс маркази фонди 14 минг 387 номда 33 минг 435 нусхадаги — сиёсий, илмий, бадиий, ўқув ва хорижий адабиётларни ўз ичига олади. Талабалар учун тинч ҳамда ёруғ муҳитда ўқиш, изланиш ва тайёргарлик кўриш учун барча шароитлар яратилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Узоқ ҳудудлардан келган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун 975 ўринли тўртта талабалар тураржойи мавжуд бўлиб, уларда кир ювиш, қуритиш ҳамда ювиниш хоналари тўлиқ мослаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни пайтда институтда 4 та факультет ва 16 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги куннинг долзарб йўналишларидан бири бўлган туризм ва меҳмондўстлик соҳаси ҳам йўлга қўйилган. Чунки Сурхондарёда Ал-Ҳаким ат-Термизий, Исо Термизий, Султон Саодат, Жарқўрғон минораси, Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи, Кампиртепа, Фаёзтепа, Хўжаипок, Сангардак санаторийси ва шаршараси, Оқ остона, Далварзинтепа, Омонхона каби кўплаб тарихий ҳамда табиий масканлар мавжуд. Бу бой меросни дунёга танитиш учун билимли, замонавий мутахассисларга эҳтиёж катта, албатта.

Шу маънода, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ҳар бир раҳбар олдида турган устувор вазифадир. Маънан ва жисмонан етук, билимли ёшларгина жамият тараққиётини тезлаштиради.

Президентимизнинг ёшлар маънавияти ҳақида айтган фикрлари ҳар бир ватанпарвар йигит-қизнинг ҳаётий шиорига айланиши зарур. Чунки замон шиддат билан ўзгариб бораётган бу даврда ёшлар ўз даври билан ҳамнафас бўлар экан, айни пайтда ўзлигини, буюк аждодлар меросини унутмаслиги керак.

Орзулари осмон, мақсадлари улуғ ёшлар

Дарвоқе, сўнгги икки-уч йил ичида Денов шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди. Кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, янги инфратузилма, қатор мактаб ва боғчалар, шифохоналар ҳамда кўпқаватли уйлар шаҳар қиёфасини янада кўркам этмоқда. Бу янгиланишлар эса янги ғоя ва ташаббусларни талаб этади.

Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ана шу жараёнда Ватан равнақига ҳисса қўшадиган илғор, билимли мутахассисларни тайёрлашда пешқадам бўлишга интилмоқда. Орзулари осмон, мақсадлари улуғ ёшлар илм пиллапояларидан юксалиб, она Ватан хизматига камарбаста бўлмоқда.

Усмонжон БЎТАЕВ,

Денов тадбиркорлик ва педагогика институти

ўқув ишлари бўйича проректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?