Андижондаги мактабда 2 киши техник спиртдан заҳарланиб, вафот этди

19:20 31 Октябр 2025 Жамият
358 0

Иллюстратив фото

Андижон вилоятида жойлашган мактабнинг 4 нафар ходими лабораторияда сақланаётган техник спиртни истеъмол қилиб, заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ушбу маълумотларни тасдиқлаган.

Унинг билдиришича, спиртли ичимликдан 4 нафар шахс заҳарланган, оқибатда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари ва мактаб қоровули вафот этган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, ҳодиса Андижон шаҳридаги 36-умумтаълим мактабда содир бўлган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат ўрганилганида, жорий йилнинг 22 октябрь куни 17:00 ларда мактабнинг хўжалик ишлари бўйича масъули, ЧЁТ раҳбари, қоровул ва бир нафар ўқитувчи дарсдан кейин кечки овқатланиш жараёнида техник спиртни истеъмол қилгани аниқланган. Бошқарма, шунингдек, ҳодиса содир бўлган вақтда мактаб директори ҳам воқеа жойида бўлгани ҳақидаги иддаоларни рад этган. 

«Ушбу ҳолатда мактаб директори вазифасидаги Ф.Р (аёл киши) ишдан сўнг уйга қайтган ва ушбу жараёнларда иштирок этмаган», дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?