Афғонистон ва Покистон чегарасида қуролли тўқнашувлар юз берди

11:30 12 Октябр 2025 Дунё
333 0

Афғонистон ва Покистон чегарасида отишма юз берди. Ҳодиса Кобулга қилинган ҳаво ҳужумидан кейин минтақада кескинлик кучайган бир пайтда содир бўлди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили Энаятуллоҳ Хоразмийнинг маълум қилишича, «Толибон» кучлари Покистон ҳудудидан амалга оширилган такрорий ҳаво зарбалари ва чегара бузилишларига жавобан «муваффақиятли қарши ҳужум» ўтказган. Унинг сўзларига кўра, амалиёт тун ярмига қадар давом этган ва Покистон ҳарбий тузилмаларига катта зарар етказилган.

Афғонистон билан чегарадаги тўқнашувда Покистоннинг камида 15 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақвий эса Афғонистон томонини айблаб, ушбу ҳужумларни «асоссиз ва провокацион» деб атади. Унинг таъкидлашича, «афғон кучларининг оддий аҳолига қарата ўқ узиши халқаро қонунларни қўпол равишда бузишдир». Нақвийнинг айтишича, Покистон армияси «ҳар бир тошга жавобан ғишт билан жавоб бермоқда». Радио Покистон маълумотига кўра, тўқнашувлар чегаранинг камида олти нуқтасида қайд этилган.

«Толибон» бу ҳужум ортида Покистон турибди, деб баёнот берган, аммо Исломобод бу айбловни рад этди. Шу билан бирга, Покистон афғон кучларини мамлакат ичидаги исломий гуруҳ — Покистон «Толибонлари»га паноҳ бераётганликда айбламоқда. Афғонистон ҳукумати бу даъволарни инкор этмоқда.

Минтақадаги кескин вазиятни юмшатиш мақсадида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳамда Қатар ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирликлари икки давлатни сабр-тоқат ва дипломатик мулоқотга чақирди. Улар тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақавий хавфсизлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?