“Осиёнинг XX асрдаги энг кучли жамоаси“. “Ал-Ҳилол“ ҳақида нималар маълум?

Бугун, 29 сентябрь куни «Насаф» клуби ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 2-тури доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасини қабул қилади.
Қуйида ушбу жамоа ҳақида атрофлича маълумот берамиз:
«Ал-Ҳилол» клуби 68 йиллик тарихга эга, у 1957 йил 16 октябрда ташкил этилган.
Жамоага мухлислар томонидан «Ал-Заъим» (бошлиқлар), «Blue Whales» (кўк тўлқинлар) ва «Blue Power» (кўк қудрат) каби лақаблар берилган. Шунингдек, Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) 2009 йилда «Ал-Ҳилол»ни Осиёнинг XX асрдаги энг кучли клуби деб эътироф этган.
«Ал-Ҳилол» ўз уй учрашувларини Эр-Риёд шаҳрида жойлашган «Kingdom Arena»да ўтказади. Ушбу майдон 26 мингдан ортиқ мухлисни сиғдира олади.
Жамоа Саудия Арабистони профессионал лигасининг 19 карра чемпиони, 11 карра Қирол кубоги соҳиби ва 4 карра Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, жамоа 13 марта Валиахд Шоҳзода кубоги, 7 марта Федерация кубоги, 5 марта Саудия Суперкубоги, 2 марта Осиё Кубок Эгалари кубоги ва 2 марта Осиё Суперкубогини қўлга киритган.
Жамоа шу вақтгача Осиё футбол конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий мусобақаларда 243 та ўйин ўтказган. Шундан 137 таси ғалаба, 49 таси мағлубият, 57 таси эса дуранг натижа билан якунланган.
«Ал-Ҳилол» ҳозиргача ўзбек клублари билан 24 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларда қайд этилган натижалар:
«Ал-Ҳилол» 3:1 «Навбаҳор» (1998);
«Ал-Ҳилол» 5:0 «Машъал» (2006);
«Машъал» 2:1 «Ал-Ҳилол» (2006);
«Пахтакор» 0:2 «Ал-Ҳилол» (2007);
«Ал-Ҳилол» 2:0 «Пахтакор» (2007);
«Пахтакор» 1:1 «Ал-Ҳилол» (2009);
«Ал-Ҳилол» 2:0 «Пахтакор» (2009);
«Ал-Ҳилол» 3:0 «Бунёдкор» (2010);
«Бунёдкор» 0:1 «Ал-Ҳилол» (2014);
«Ал-Ҳилол» 3:0 «Бунёдкор» (2014);
«Ал-Ҳилол» 3:1 «Локомотив» (2015);
«Локомотив» 1:2 «Ал-Ҳилол» (2015);
«Пахтакор» 2:2 «Ал-Ҳилол» (2016);
«Ал-Ҳилол» 4:1 «Пахтакор» (2016);
«Ал-Ҳилол» 0:0 «Локомотив» (2016);
«Локомотив» 2:1 «Ал-Ҳилол» (2016);
«Пахтакор» 1:2 «Ал-Ҳилол» (2020);
«Ал-Ҳилол» 0:0 «Пахтакор» (2020);
«Ал-Ҳилол» 2:2 ОКМК (2021);
ОКМК 0:3 «Ал-Ҳилол» (2021);
«Ал-Ҳилол» 1:1 «Навбаҳор» (2023);
«Навбаҳор» 0:2 «Ал-Ҳилол» (2023);
«Пахтакор» 1:0 «Ал-Ҳилол» (2025);
«Ал-Ҳилол» 4:0 «Пахтакор» (2025).
Жамоани ҳозирги вақтда 49 ёшли италиялик мутахассис Симоне Инзаги бошқармоқда. Унинг Италиянинг «Лацио» ва «Интер» клубларидаги фаолияти кўпчиликка таниш. Инзаги 2025 йил 4 июндан бери «Ал-Ҳилол»да бош мураббий сифатида фаолият кўрсатмоқда.
«Ал-Ҳилол» таркибида ҳозирги пайтда қуйидаги номдор ва маҳоратли футболчилар тўп сурмоқда:
Ясин Буно — Марокашлик дарвозабон. У 2022 йилги Жаҳон чемпионатида Марокашни ярим финалга олиб чиқиб, бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Буно аввал «Севилья» сафида УЕФА Европа лигасида ғолиб бўлган ва пенальтилар серияси қаҳрамонлик кўрсатган. У нафақат футболчи, балки мусиқа ҳаваскори ҳамдир.
Калиду Кулибали — «Челси»нинг собиқ ҳимоячиси. Сенегал терма жамоаси аъзоси, жисмонан кучли ва ақл билан ўйнайдиган, «девор» типли ҳимоячи сифатида танилган. Шунингдек у «Наполи»да ҳам ўйнаган ва айнан ўша ердаги фаолияти уни афсонавий ўйинчилар қаторига киритган. Кулибали 2023 йилда «Ал-Ҳилол»га ўтди ва Саудия Про Лигасига қўшилди.
Тео Эрнандес — тезлиги билан машҳур қанот ҳимоячиси. 2022 йилги Жаҳон чемпионатида Франция терма жамоаси билан финалгача етиб борган. «Милан» сафида у мухлисларнинг севимли ўйинчилари қаторига кириб, кўплаб гол ва асистлари билан жамоага ҳисса қўшган.
Жоау Канселу — «Манчестер Сити»нинг собиқ футболчиси. Кучли техника соҳиби, ҳар икки қанотда ҳам бемалол ўйнай оладиган замонавий универсал ҳимоячи. Пеп Гвардиола уни «тактик қурол» деб атаган ва ҳужумни бошловчи ҳимоячи сифатида фойдаланган. Қисқа вақт ичида «Манчестер Сити», «Бавария» ва «Барселона» каби топ клубларда тўп суриб, юқори даражада тажриба орттирган.
Дарвин Нуньес — «Ливерпуль»нинг собиқ ҳужумчиси. Уругвайлик тўпурар майдонда эҳтиросли ва баъзан «назоратдан чиқадиган» футболчи сифатида танилган. «Бенфика» сафида ёрқин ўйин кўрсатиб, 2022 йилда рекорд нархда «Ливерпуль»га трансфер қилинган. Унинг энергияси, курашувчанлиги ва голни сезиш қобилияти доимо мухлислар диққат марказида бўлиб келган.
Рубен Невеш — «Вулверхэмптон»нинг собиқ футболчиси. Португалиялик ўйинни бошқарувчи ярим ҳимоячи. Ўйин ритми ва пас узатиш бўйича ажралиб туради. «Ал-Ҳилол»да етакчи узатма берувчилардан бири. Ўз жамоасида ҳужум ва ҳимояни боғловчи “ўйин ритмининг калити” вазифасини бажаради — ўйин бошидан охиригача асосий рол ўйнаши билан аҳамиятли.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 2-туридан ўрин олган «Насаф» – «Ал-Ҳилол» баҳси бугун соат 18:45 да старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг