НАТОда Россия ҳаво ҳужумларига жавоб масаласида келишмовчилик кузатилмоқда

11:22 26 Сентябр 2025 Дунё
115 0

НАТО аъзолари Россия ҳарбий самолётларининг альянс ҳаво ҳудудини бузишига қандай жавоб қайтариш масаласида икки қарама-қарши лагерга бўлинди. АҚШ, Польша ва Болтиқбўйи давлатлари қонунбузарликларга куч билан жавоб беришни таклиф қилса, Германия ва қатор Европа мамлакатлари эҳтиёткорликка чақиряпти.

Мавзу Шимолий Атлантика кенгашининг сешанба куни ўтказилган фавқулодда йиғилишида кўтарилди. Ушбу йиғилишни Эстония ўтган ҳафтада рус қирувчи самолётларининг 12 дақиқа давомида унинг ҳаво ҳудудини бузганидан кейин чақирган.

Учрашувдан кейин Польша ва Эстония вакиллари қўшма баёнотда Россия қоидабузарликларига аниқ куч билан жавоб бериш лозимлигини билдирди. Амалда НАТО халқаро ҳуқуқ асосида бундай чора кўришга ҳақли.

Шу билан бирга, НАТОнинг Европадаги иттифоқчи қўшинлари олий қўмондони, АҚШ генерали Алексус Гринкевич Россия самолётлари Эстонияга тасодифий кириб қолган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, айрим рус учувчилари тажрибасиз ва етарлича тайёргарлик кўрмаган.

«НАТО халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ва барча таҳдидларнинг олдини олиш учун ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан фойдаланишда давом этади. Жавоб бериш вақти, услуби ва кўламини биз ўзимиз белгилаймиз», — дейилади альянснинг якуний баёнотида.

Қийин консенсус ва сиёсий баҳслар

Расмийлар таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши кучаяётган ҳужумлари ва ҳарбий кучларини Европа яқинида жойлаштириши ортидан бу масалада ягона қарорга келиш жуда қийинлашган.

Ҳатто узоқ вақтдан бери Москвага нисбатан мулойим позицияда деб ҳисобланган собиқ президент Дональд Трамп ҳам сешанба куни НАТО рус самолётларини уриб тушириши лозимлигини айтди.

Польша ташқи ишлар вазири Радек Сикорски БМТдаги чиқишида кескин огоҳлантирди:

«Агар яна ракета ёки самолёт ҳудудимизга кириб келса ва уриб туширилса, бизга шикоят билан келманглар. Биз олдиндан огоҳлантирдик».

Чехия президенти Петр Павель ҳам рус самолётларига қарши қатъий чора кўришни қўллаб-қувватлади:

«Агар биз бирлашмасак, эртами-кечми бизни ҳам шундай тақдир кутяпти», — деди у.

Бироқ Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва Финляндия президенти Александр Стубб эҳтиёткорликка чақирди. Уларга кўра, Россиянинг провокацияларига қаттиқ жавоб бериш ортиқча эскалация хавфини кучайтиради.

Генерал Гринкевич ҳам қирувчи самолётни уриб тушириш дронни йўқ қилишдан кўра хавфлироқ эканини таъкидлаб, аҳоли хавфсизлиги ва назоратсиз эскалацияга йўл қўймасликка чақирди.

Хавф ва таҳдидлар давом этмоқда

Сўнгги ҳафталарда Россия Польшага 21 та дрон учирди, улардан баъзилари НАТО қирувчилари томонидан йўқ қилинган. Рус учувчисиз самолёти Руминия ҳудудига кириб борди, учта рус қирувчиси Эстония устидан рухсатсиз ва транспондерлари ўчирилган ҳолда учиб ўтди. Германия мудофаа вазири эса Болтиқ денгизида Россия ҳарбий учоғи Германия фрегати устидан пастлаб ўтганини маълум қилди.

Норвегия бу йилнинг ўзида уч марта ҳаво ҳудудини Россия бузганини расман қайд этди.

НАТО расмийлари вазият ўта мураккаблигини, Москва альянснинг ҳимоя салоҳиятини синаётганини ва ҳар бир қарор жиддий ҳисоб-китоб талаб қилишини эслатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?