Россияда оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқароcи ватанга қайтарилди

15:03 08 Март 2025 Жамият
262 0

Ўзбекистон дипломатлари саъй-ҳаракатлари билан Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган ватандошимиз Ўзбекистонга қайтди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Хабарда айтилишича, Самарқанд вилоятидан бўлган фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўғли С.Г. бахтсиз ҳодиса оқибатида жиддий жароҳат олиб, Владивосток шаҳрининг 2-сонли клиник шифохонасида ётгани ва дори-дармон учун етарли маблағ қолмаганини билдирган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам сўраган.

Унинг ўғли С.Г. 2023 йилда Россиянинг Хабаровск ўлкасига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган. Аммо 2024 йилнинг октябрь ойида Биробиджан шаҳрида эҳтиётсизлиги оқибатида дарахтдан йиқилиб, бўйин умуртқа қисмини синдириб олган. Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида унга операция муолажаси ўтказилиб, стационар даволашга олинган.

Бироқ беморнинг отаси Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган ўғлининг соғлиғидан кўнгли тўлмай, уни Владивосток шаҳридаги 2-сонли клиник шифохонасига ўтказган. Бу ерда ҳам шифокорлар беморда қайта операция ўтказиш кераклигини билдирган. Бироқ, улар операция учун етарли маблағ йўқлиги учун даволанишни Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилади.

«Мамлакатимиз дипломатлари кўмагида жорий йилнинг 5 март куни бемор ҳамюртимизнинг Ўзбекистонга қайтиб кетиши учун «Uzbekistan airways»нинг Владивосток-Тошкент йўналишидаги самолётига чипта сотиб олиб берилди ва оиласи бағрига кузатиб қўйилди», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?