Хорижий инвесторларнинг ердан фойдаланиш имконияти 25 йилдан 49 йилгача узайтирилмоқда

12:44 06 Август 2024 Сиёсат
350 0

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу қонун лойиҳасида инвесторларнинг кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари белгиланмоқда. Шунингдек, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, амалдаги инвестиция қонунчилигининг илғор халқаро стандартлар, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мослаштиришга қаратилган нормалар акс этган.

Депутатлар инвесторларни энг катта хавотирга солувчи омил ва хатарлар бўйича ечимларни таклиф қилишган ва билдирилишича, ортиқча чекловлар бекор қилинади. Қайд этилишича, «Бозорга кириш» кафолатлари ҳамда инвестиция фаолиятини асоссиз текширишлардан ҳимоялаш кафолатлари бериляпти.

Ушбу қонун лойиҳаси билан инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси ҳам кўриб чиқилган. Шу тариқа, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада хорижий инвесторлар улуши бўйича талаб 15 фоиздан 10 фоизгача туширилиши, миллий режимга риоя қилиш ҳамда хорижий инвесторларнинг ердан фойдаланиш имконияти 25 йилдан 49 йилгача узайтирилиши мумкин. Маҳаллий ва хорижий инвесторларга тенг бўлган имтиёз ва преференсиялар тақдим этилади.

«Қонун ташаббускорларининг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида инвесторларнинг кафолатлари ва эркинликлари аниқ баён қилиниб, бундай ҳуқуқ ва кафолатларни қўллаш бўйича инвесторларнинг турли талқинлари ва чалкашликларига барҳам берилади. Энг муҳими, «Ягона дарча» орқали инвестицияларни ва инвесторларни рағбатлантириш институтлари ва ягона ваколатли инвестиция органи қонун билан мустаҳкамланади», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Дониёр Ғаниев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигидан кетгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер