Андижон шаҳридаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда

Фото: “Халқ сўзи”
Бугун республикамизнинг қай бир ҳудудига разм солманг, бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Ҳаттоки, энг чекка ҳудудларда ҳам ободончилик ишлари авж паллада. Айни жараёнда Андижон шаҳридаги “Бўстон” маҳалласида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга катта эътибор қаратилган.
— Кўчаларимизга сув тармоғи тортилганига 45-50 йил бўлган, —дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдуғаффор Ортиқов. –Бу давр мобайнида қувурлар эскириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолди. Айниқса, куз-қиш мавсумида носозликлар юзага келиб, таъминот сифатига путур етаётган эди. Шу кунларда сув қурилиши билан боғлиқ бунёдкорлик ишларига киришилди. Бу узоқ йиллик муаммомизнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлади.
Дарҳақиқат, ушбу маҳалладаги 3 та кўчада сув қувури эскириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Шу боис 2 километр масофага янги қувур тортиш ишлари олиб бориляпти.
“Садда” маҳалласи аҳолисини ички йўллардаги тартибсизликлар безовта қилиб келарди. Ёғингарчилик кунларидаги лойгарчиликдан азият чеккан аҳолининг мурожаат қилмаган идораси қолмади, ҳисоб. Боиси, бу кўчалар бундан 25 йил муқаддам асфальтланган бўлиб, айни дамда таъмирталаб бўлиб қолганди. 6, 4 километр масофага асфальт ётқизиш орқали ҳудуддаги энг оғир муаммо ҳам барҳам топадиган бўлди.
Бу каби саъй-ҳаракатларни вилоят марказидаги аксарият кўчаларда учратиш мумкин. Зеро, Андижон шаҳрида аҳоли турмуш шароитини, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 26 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бунинг ҳисобига 12,2 километрдан иборат ички йўлни асфальтлаш, 37,5 километр масофага сув тармоғини тортиш, 71 километр электр энергияси тармоғини янгилаш ва 19 та янги трансформатор ўрнатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг