Зиёрат туризми — янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози

13:14 21 Sentyabr 2022 Jamiyat
1108 0

Foto: Xalq so‘zi

Туризм тугалмас бойлик, аммо ундан оқилона ва самарали фойдалансагина даромад манбаига айланади. Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ҳам юқоридаги вазифаларга қаратилгани билан долзарблик касб этди.

Дунёда туризмнинг 200 дан ортиқ турлари бўлиб, улар орасида зиёрат туризми тез ривожланаётган,  истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда илгари тарихий, маданий туризм билан чекланиб қолинган бўлса, охирги беш йилда сафари (чўл), этнографик, гастрономик янги йўналишлар қаторида зиёрат туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки Ўзбекистон бу борада юқори салоҳиятга эга бўлиб, имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаётгани айни ҳақиқат. Ислом цивилизацияси бешиги, маърифат ва маданият маркази сифатида танилган юртимизда динимиз ривожи, жаҳон илму фани тараққиётига ҳисса қўшган алломалар, мутафаккир олимлар, уламолар ва улуғ авлиёлар етишиб чиққан. Дунёда уларнинг зиёратгоҳ ва муборак қадамжоларини зиёрат қилишга эҳтиёж юқори. Айни шу мақсадда, яъни ўзга маданиятлар билан яқиндан ташишиш, бошқа ҳудуд тарихи, муқаддас зиёратгоҳлари ҳақида тарихий билимларга эга бўлиш, муборак манзилларни зиёрат қилишга қаратилган зиёрат туризми шаклланди.

Зиёрат туризми саёҳатчи ва зиёратчиларнинг диний (авлиёлар ҳаёти), тарихий (муқаддас жойлар тарихи ҳақидаги) маълумотларга эга бўлиш, фалсафий дунёқарашни кенгайтириш, зиёратгоҳлардаги архитектура ва санъат асарларидан маънавий ва эстетик завқ олиш мақсадида одатий яшаш муҳитидан ташқарида жойлашган муқаддас жойларга дунёвий саёҳати ёки ибодатидир. Сайёҳликнинг мазкур йўналишида зиёратчилар хам диний, ҳам дунёвий мақсадлар билан ташриф буюради.

Ўзбекистон бугун дунёга янги имкониятларни очаётган, барқарор ривожланаётган, зиёрат ва саёҳат учун хавфсиз мамлакат сифатида янада кенгроқ танилмоқда. Президентимиз томонидан «Табаррук зиёрат» туризм концепциясининг тасдиқланиши, яқинда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида Ўзбекистон аъзо давлатларда 2023 йилни туризмни ривожлантириш йили деб эълон қилиши унинг халқаро аҳамиятини яққолроқ намоён этди. Албатта амалга оширилаётан ислоҳотлар хорижликларнинг юртимизга ташрифи учун муҳим омил ҳисобланади.

Ҳозирги кунда зиёрат туризми салоҳияти юқори бўлган Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан зиёратчиларни мамлакатимиз тарихий шаҳарлари, хусусан Бухорога ташрифи сонини ошириш белгиланган. Биламизки, Бухоро ислом динининг маркази, шариф шаҳар, фахрли шаҳар, шаҳарлар имоми каби номлар билан эъзозланади. Шаҳар айниқса нақшбандия тариқатига асос солган замин бўлганлиги боис ҳам маълум ва машҳур. Бугун дунёда 40 млндан ортиқ нақшбандийлар мавжуд. Уларнинг аксарияти Туркия, Малайзия ва Индонезияда истиқомат қилади. Мазкур тариқатнинг етти пири зиёратгоҳларининг ҳам бир жойда, яъни Бухорода эканлиги мусулмон зиёратчилари, айниқса, нақшбандийларни ўзига доим чорлаб туради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан бошланган «силсилаи заҳҳоб» (олтин занжир) ҳалқаларининг ўнинчидан ўн олтинчигача бўлган пиру комиллари - Абдухолиқ Ғижувоний, Ориф Ревгарий, Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбандлар бир заминда эканлиги камдан кам мусулмон мамлакатларида учрайдиган зиёрат йўналишидир.

Халқ орасида «етти пир» номи билан машҳур, воҳанинг бешта туманида жойлашган 160 кмлик зиёрат йўналишини ташкил этувчи мазкур зиёратгоҳлар бугун халқаро зиёрат йўналишига киритилди. Давлат дастурлари доирасида зиёрат йўллари таъмирлана бошланди. Ҳар бир зиёратгоҳда ҳалол талабларига жавоб берадиган меҳмонхоналарнинг барпо этилгани зиёратчиларга қулайлик яратиш билан бирга, воҳада қолиш давомийлигини узайтирди. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, хорижий зиёратчиларнинг Бухорода ўртача қолиш муддати дастлаб 1-2,5 кунни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 2-2,5 кун, 2019 йилда 2,5-3 кунга етган. 2019 йилги маълумотларга кўра 215 483 нафар 1-3 кун, 4358 нафар 4-7 кун, 669 нафар 8-28 кун, 63 нафар сайёҳ ва зиёратчилар 29-91 кун оралиғида Бухорода тунаб қолишган. Албатта ҳар бир кун ҳудуд учун хорижий валюта, даромад, хизмат кўрсатиш деганидир.

Мусулмон зиёратчилар ташрифининг ошиши ўз-ўзидан ҳалол талабларини соҳага тезкорлик билан кенг жорий қилишни талаб этади. Чунки зиёратчи эҳтиёжларининг асосий қисми меҳмонхонада кечади. Меҳмонхона учун қўйилган асосий меъёрлар хоналарда қибланинг аниқ йўналиши, намоз ўқиш учун етарлича шароит, намоз вақтлари тахтаси, етарли жойнамозлар сони, қўл души ёки сув шланги кабиларни ўз ичига олади. Жаҳонда бундай меҳмонхоналар «шариатга хос», «мусулмонларга қулай», «исломий меҳмонхона», «диний меҳмонхона» номлари билан юритилади. Воҳада ҳам бу борада ишлар олиб борилиб, «Эмирс Гарден», «Жондор», «Шаҳристон», «Голубие купола», «Атлас», «Шарқ», «Рангрез», «Пойкент Букҳара» каби ўнга яқин меҳмонхона айни талабга мосланмоқда. Нафақат хорижий меҳмонлар, балки маҳаллий зиёратчилар ҳам бугун меҳмонхона танлашда ҳалол талабларига эътибор қаратмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра зиёратчилар меҳмонхона танлашда биринчи ўринда ҳалол стандартлар, иккинчи ўринда чўнтакбоп нархлар ва учинчи ўринда тарихий қисмда жойлашувига эътибор қаратишмоқда. Дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, юқоридаги хизматларни ўз ичига олган саёҳат тури «мусулмон туризми», «ҳалол саёҳат», «исломий саёҳат», «ҳалол дўстона туризм» номлари билан аталади.

Бугунги кунда Бухорода 29 объект зиёрат туризми йўналишига киритилган. Лекин воҳада яна бошқа кўплаб зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, уларда инфратузилма яхши бўлмагани боис маҳаллий даражада қолиб кетган. Биргина Бухоронинг 500 гектарлик эски шаҳар қисмида 83 та, воҳа туманларида 200 дан ортиқ шундай зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар мавжуд. Президентимиз топшириғига кўра Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан 40 миллиард сўм ажратилгани зиёратгоҳларни халқаро йўналишга киритишда муҳим қадам бўлади.

Воҳа турли туман зиёрат объектларига эга бўлиб, улар асосида мавсумий зиёрат туризми йўналишларини ишлаб чиқиш мумкин. Масалан, пайғамбар ва унинг авлодлари билан боғлиқ (Аюб алайҳиссалом, Довуд алайҳиссалом, Ҳазрат Хўжа Уббон), тасаввуф алломалари билан боғлиқ (Желоний, Зинда фил Аҳмади Жомий, Сайфиддин Бохарзий, Хўжа Исматуллоҳ Бухорий, Шохи Ахсий Файзобод), ҳунармандчилик пирлари билан боғлиқ (Хожа Асбгардон, Бобойи Порадўз, Хожа Булғор, Бурқи Сармаст), аёллар номи билан аталувчи (Биби Орифа, Биби Махсумаи Пок, Қиз Биби, Чилдухтарон), шифобахшлик хусусиятига эга (Хожа Зафарон, Саричашма, Туяовул чашмаси, Қўтирбулоқ, Биби Кабудпўш) зиёратгоҳлар шаклида ташкил этиш мумкин. Мазкур янги зиёрат йўналишларни ташкил этиш ёндош хизмат турларининг ривожига, янги иш ўринлари яралиши, қишлоқ ва маҳалларнинг шаҳарлашувига хизмат қилади.

Умуман олганда зиёрат туризми ислом дини ва маданияти тарихини чуқурроқ ўрганиш, мамлакатимизнинг сайёҳлик нуфузини ошириш, уни зиёрат туризми маркази сифатида танитишда ўрни беқиёс. Бу борадаги ишларни амалга оширишда хориж тажрибаси билан, соҳада тажрибали мутахассислар, тадқиқот олиб бораётган олимларни жалб этиш мақсадга мувофиқ. Илмий ёндашувларга асосланган ҳолда соҳани йўлга қўйиш мустаҳкам пойдевор қуйиш билан баробар. Зеро, илмга таянилган ҳар қандай иш ўз самарасини кутилганидан кўп бериши аллақачон ўз исботини топган. Соҳага қаратилаётган эътибор, давлат ислоҳотлари, узоқни кўзланган дастурлар юртимизни саёҳатлар чорраҳаси, туризм марказига айлантириши шубҳасиз.

Шавкат БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Тарих институти таянч докторанти

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?