Зироат Мирзиёева: «Болалар саломатлигидаги тафовутларга йўл қўйиб бўлмайди»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессияси олий даражадаги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Ст. Жуде болалар тадқиқот шифохонаси ва «Замин» фонди ҳамкорлигида муҳим халқаро тадбир бўлиб ўтди. У «Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат» мавзусига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон биринчи хоними, «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, дунё бўйлаб болалар саломатлигини сақлаш долзарблигини таъкидлади.
«Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур», — деди Зироат Мирзиёева.
Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Ангола, Вьетнам, Гватемала, Сербия биринчи хонимлари, Ливан Бош вазирининг рафиқаси, ЖССТ бош директори, ЭКОСОС президенти, Ст. Жуде болалар тадқиқот шифохонаси президенти, шунингдек, Туркия, Ангола, Арманистон, Бангладеш, Мозамбик, Доминикан Республикаси, Нигерия, Қозоғистон, Қатар, Конго Республикаси, Қирғизистон, Малта, Мўғулистон, БАА, Перу, Тожикистон, Тимор-Лесте, Тувалу, Чад, Ямайка соғлиқни сақлаш вазирлари ҳамда Венгрия, Индонезия, Россия, Танзания соғлиқни сақлаш тузилмалари вакиллари қатнашди.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар, етакчи мутахассислар ва фуқаролик жамияти вакиллари, оғир касалликларга чалинган болалар ҳам иштирок этди. Улар орасида Ўзбекистондаги «Меҳрли мактаб»нинг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўзининг шахсий ҳаётий тажрибасини самимий тарзда бўлишди.
Иштирокчилар 2030 йилга қадар саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказишга қаратилган қатъий интилишларини тасдиқладилар. Шунингдек, болаларда саратон касалликларини даволашдаги илғор ютуқларни қўллаб-қувватлаш, ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши глобал ташаббусни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур тадбир халқаро ҳамжамиятнинг болалар саломатлиги бўйича масъулиятини яна бир бор тасдиқлади ва адолатли, интеграциялашган, маҳаллий ресурсларга асосланган соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг