Журналистлар учун радикализмга қарши кураш мавзусида ўқув семинари ташкил этилди

22:51 03 Июнь 2025 Жамият
170 0

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Радикаллашув омиллари, ахборот манипуляцияси ва унга қарши курашиш» мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўқув семинари бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони ижроси доирасида Журналистлар уюшмаси ва «Зиё» медиа маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарда журналистларга диний радикализмнинг хавфли жиҳатлари, радикал ахборот манбалари ва тарғиботчилар фаолияти ҳақида аниқ маълумотлар берилди. Шунингдек, бу ҳодисанинг сиёсий, геосиёсий, иқтисодий ва мафкуравий илдизлари бўйича тўлиқ тасаввур уйғотишга қаратилган амалий мисоллар келтирилди.

Тадбирни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ва «Зиё» медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов очиб берди. Семинарда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, академия ва «Зиё» медиа маркази мутахассислари ҳам маърузалар билан иштирок этдилар.

Маърузалар давомида ОАВнинг радикал ғояларга қарши маърифий ва ахборий курашдаги ўрни, диний мазмундаги материалларни экспертизадан ўтказиш тартиби, сохта салафийлик ва «Ҳизбут-Таҳрир» ғояларининг жамиятга таҳдидлари, ҳамда радикаллашувнинг геосиёсий сабаблари тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Журналистларга «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, нотўғри талқинларга қарши раддия бериш усуллари, ахборот хавфсизлигини таъминлашда ишончли манбаларга таяниш муҳимлиги ҳақида амалий тавсиялар берилди.

Семинар давомида иштирокчилар радикал ахборот хуружларига қарши самарали чоралар кўриш, мавзуга профессионал ёндашув билан мурожаат қилиш ва давлат ҳамда жамият манфаатларини ҳимоя қилувчи таъсирли медиа маҳсулотлар тайёрлаш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шу каби ўқув семинарлар ОАВ ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш билан бирга, уларда радикализм ва экстремизмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?