Жозибадор туризм сари муҳим қадам
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлар, журналистлар, соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари билан янада гавжум. Сабаби, такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг ҳар бир йўналиши юзасидан матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Тадбирнинг бу галгиси “Яшил” иқтисодиётга ўтиш, транспорт-логистика тармоқларини кенгайтириш ва туризмни ривожлантириш” мавзусига бағишланди.
Матбуот анжумани очиқ мулоқот руҳида ўтиб, стратегияда белгиланаётган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли тарзда етказилди.
Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров таъкидланганидек, стратегияда мамлакатимизни глобал транспорт-логистика тармоқларига чуқурроқ интеграция қилиш устувор вазифа этиб белгиланган. Яъни келгуси беш йилликда транспорт тизимини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг барча соҳаларига кучли туртки берилади.

Рақамлар эса мақсад нақадар катта қилиб қўйилганини яққол кўрсатиб турибди. Гап шундаки, 2030 йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини 301 триллион сўмгача ошириш, йўловчи ва юк ташиш хизматларини 250 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, авиақатновлар сони 200 мингтагача оширилиб, республика ҳудудлари ўртасидаги рейслар сони 41 мингтага етказилади. Бу, аввало, аҳоли учун қулайлик, тадбиркорлар учун эса янги имконият, демакдир.
Стратегияда “яшил” иқтисодиёт масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки бу йўналиш нафақат экологик муаммоларни камайтириш, балки аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлашга хизмат қилади. Негаки, стратегия доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 25 минг МВтга етказилиши ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми 120 миллиард кВт соатгача ошириш кўзда тутилган.

Анжуманда туризм соҳасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
— 2030 йилгача юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларга чиқариш кўзда тутилган, — дейди Туризм қўмитаси бошқармаси бошлиғи Ойбек Ҳакимов. — Шу билан бирга, ҳудудларда 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйи ва хостеллар ташкил этилади. Бу сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш баробарида, минглаб янги иш ўринлари очиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Улуғбек Рўзиматов,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг