Жўрабек додхоҳ ким бўлган?

19:36 23 Январь 2025 Маданият
523 0

“Адабиёт” нашриётида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рўзимбой Ҳасан ҳаммуаллифлигида “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” деб номланган асар нашр этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни очган Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо муаллифлар 1840 йилда Китоб шаҳри яқинидаги Гулгунпўш қишлоғида туғилган Жўрабек Қаландар қори ўғлининг аянчли тақдири жуда кўп изланишлар олиб боргани, шунинг натижасида китобхонларга тақдим этилган асар вужудга келгани ҳақида атрофлича фикр юритди.

Мазкур китобда XIX асрнинг охирлари, ўтган асрнинг бошларида чор Русиясининг Туркистонни босиб олиши фонида рўй берган воқеалар қаламга олинган. Чор Русияси томонидан генерал унвони берилган Жўрабекнинг улкан ҳарбий салоҳият соҳиби экани, шу билан бирга, маҳаллий халқ тарафида тургани, уларни имкони борича чоризм зулмидан ҳимоя қилишга интилгани таҳлил қилинган. Генерал Жўрабекнинг беклик даврида Китобда барпо қилган улкан кутубхонаси таърифи бутун Шарқ заминига ёйилганлиги келтирилган.

1870 йилда чор армияси Туркистонга босқинчилик юриши қилганида ушбу кутубхона ҳам аёвсиз таланган, энг ноёб китоблар Петербургга жўнатилган. Генерал Жўрабек шаҳид бўлганидан сўнг унинг ҳовлисидаги қироатхона ҳам сирли равишда ғойиб бўлган.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер ва бошқалар муаллифлар томонидан танланган мавзунинг айни ҳозирги давр учун жуда долзарблигини, Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатига жавоб берадиган асар бўлганини алоҳида таъкидладилар.

Шўролар замонида “зиддиятли ва мураккаб шахс” сифатида баҳоланган, у ҳақда муносабат билдириш қийин бўлган бир даврда ҳарбий арбоб, маърифатпарвар инсон Жўрабек Қаландар қори ўғли тақдири ҳақида мустақиллигимизнинг 33 йиллиги даврига келибгина тўғри, холис баҳони айтиш имконига эга бўлинди.

Тадбирда тарихчиларимиз, адабиётшуносларимиз, ёзувчиларимиз томонидан ана шундай тарихий-ҳужжатли асарлар яратиш даври келгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?