Жиззахда сифатсиз бензинни сотувга чиқарган «заправка»га чора кўрилди

14:18 26 Июнь 2025 Жамият
102 0

Иллюстратив фото

Жиззах вилоятида аҳолига сифатсиз нефть маҳсулотларини сотаётган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.

Ўзенергоинспекция Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Зомин туманида жойлашган «А.О.» МЧЖга қарашли АЁҚШ томонидан сотилаётган АИ-92 маркали автобензиндан намуналар олиниб, лабораторияда таҳлил қилинганда унинг сифатсизлиги аниқланди.

Ушбу қоидабузарлик натижасида корхонага Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 43-моддасига асосан реализация қилинган автобензин қийматининг 50 фоизи миқдорида (39,1 миллион сўм) иқтисодий санкция қўлланилди.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШда аниқланган қолдиқ сақланаётган сифатсиз нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик ва сифатини қайта тиклаш лозимлиги бўйича кўрсатма берилди», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, инспекция томонидан Наманган вилоятида ҳам газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмаларининг техник ҳолатлари ва уларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари кўрикдан ўтказилмоқда.

Ўрганишлар давомида эса 102 та газ тақсимлаш пунктидан 31 тасида камчиликлар аниқланган. Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги масъулларга кўрсатмалар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?