Жиззах вилояти прокуратураси: аҳоли, тадбиркорлар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш — асосий мақсад

14:07 27 Январь 2025 Жамият
112 0

Жиззах вилояти прокуратураси томонидан журналист ва блогерлар учун 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ҳамда фаолият билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтган йилда жами 23 091 та прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 52 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, вояга етмаганлар билан ишлаш масаласида уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга эътибор қаратилиб, олиб борилган назорат тадбирларида 3360 нафар вояга етмаганларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, назоратсиз ва қаровсиз қолган 3133 нафар болага васийлик ва ҳомийлик тайинланди.

Ижтимоий соҳада вилоят бўйича жами 191 474 нафар шахснинг бандлиги таъминланиб, 15 минга яқин хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш мақсадида прокуратура ташаббуси билан “Оила мактаблари” ташкил этилиб, никоҳланувчи шахсларни ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, туманларда яшовчи 2 мингдан ортиқ кам таъминланган фуқароларнинг фарзандлари Самарқанд болалар хирургия марказининг малакали врачлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, 246 нафар туғма ва оғир касалликларга чалинган болалар аниқланиб, соғломлаштирилди. Шу каби, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вояга етмаган 1 045 нафар ўғил болаларнинг хатна тўйлари ўтказиб берилди.

Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида, биринчи навбатда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, сармоядорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш муҳим жиҳат саналади. Шу боис фаолият кўрсатмаётган 941 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти прокуратура органларининг аралашуви билан қайта тикланди, 1928 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши натижасида 3518 та янги иш ўрини яратилди, 2839 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар яширин иқтисодиётга қарши курашиш орқали рақобатбардош ишлаб чиқариш муҳитини яратишни тақозо этди. Бу борада Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ва солиқ органлари билан ҳамкорликда олиб борилган назорат тадбирлари давомида бюджетга ундирув режаси белгиланган 2 трлн. 125 млрд. сўмлик прогноздан 2 трлн. 201 млрд. сўм (104 фоиз) ундирилиши таъминланди. Прокуратура органларининг аралашуви билан 245 млрд. сўм муаммоли кредит қарздорликлари ундирилиб, талон-торож қилинган кредит маблағлари юзасидан 80 та жиноят ишлари қўзғатилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ёқилғи-энергетика соҳасида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида 18820 кВт қуёш панеллари ўрнатилди, 74 013 та ностандарт газ ёндирғич энергия тежамкорлигига алмаштирилиб, ўтказилган назорат тадбирларида 7 047 та ҳолатда ресурслардан ноқонуний фойдаланиш фактлари аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди.

Олиб борилган назорат тадбирлари ва кўрсатилган ёрдамлар натижасида 278,1 млн. кВт. соат электр энергияси ва 94,4 млн. м3 табиий газ иқтисод қилинишига эришилди.

Шу каби, вилоят прокуратурасида ташкил этилган давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш штаби томонидан вилоятдаги жами 1 трлн. 650 млрд. 805 млн. сўмлик 488 та объект назорат қилиниб, 472 таси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Шаффоф қурилиш электрон тизимлари назоратга олиниб, кўрилган чоралар натижасида жами 208 млрд. 200 млн. сўм маблағлар иқтисод қилинди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, прокуратура тизимига яна бир янги соҳа қўшилди. Яъни Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида ҳудудда қонунийликни таъминлаш ҳам алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Камбағаллик реестрида турувчи 4 431 та оилада яшовчи 18 123 нафар фуқарога турли амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Матбуот анжумани таъкидланганидек, аграр ва озиқ-овқат соҳаларида, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий мерос, туризм ва спорт йўналишларида ҳам жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Биргина, экология соҳасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида атроф-муҳитни асраш, минтақада экологик мувозанатни сақлаш, ва “яшил боғлар” барпо қилишда қатъий назорат ўрнатилиб, вилоят бўйича жами 6 млн. 617 минг туп (прогнозга нисбатан 104 фоиз) кўчатлар экилиб, “Yashilmakon.eco” электрон платформасига киритилиши таъминланди. Прокуратура органлари ходимлари томонидан жами 34 мингдан зиёд мевали ва манзарали кўчат экилиб, “Прокурор боғлари” ташкил этилди.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 1.040 гектар ернинг 736,5 гектари ихтиёрий қайтарилиб, 11 га. майдондаги 476 та ҳолатдаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида 176 та балиқчилик хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Прокуратура органлари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири, бу — жиноятчиликни жиловлаш ва пайини қирқиш, мавжуд криминоген вазиятни тўлақонли назорат қилиш борасида кўплаб жиноятларни ўз вақтида фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда юқори натижалар қайд этилди.

Коррупцион ва бошқа содир этилган жиноятлар юзасидан 203 та жиноят ишлари бўйича 327 нафар шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. Ўз навбатида, жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган 116 млрд. сўмлик зарардан 78 млрд. сўм зарар айбдорлар томонидан ихтиёрий равишда қопланишига эришилди.

Яна бир муҳим йўналиш — судларда ишларнинг кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш йўналишидир. Судларда жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий суд ишларини юритилишида жами 7366 та иш кўрилишида прокурор иштироки таъминланган. Муҳими, асосли фикрлар билдирилиб, судларнинг қонуний қарор қабул қилишларига кўмаклашилган.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш йўналишида Мажбурий ижро бюроси органлари билан ҳамкорликда 3494 та оила яраштирилиб, 59 млрд. сўм алимент тўловлари ундирилди. Даромад манбасига эга бўлмаган 828 нафар қарздорларнинг бандлиги таъминланди.

Фаолият ошкоралигини таъминлаш борасида ижтимоий тармоқ вакиллари, журналист ва блогерлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди, очиқлик ва шаффофликни амалда таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Дарвоқе, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича вертикал бошқарув тизими асосида 2-сектор ҳудудларида аҳоли муаммолари ўрганилиб, ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда жами 1342 та сайёр қабуллар ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, қабуллардаги ва иш юритувига келиб тушган жами 18795 та мурожаат амалда ижобий ҳал этилди.

Мисол учун, аҳоли муаммоларини ўрганиш асносида прокуратура ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида Фориш туманининг олис Шохусмон қишлоғида 60 ўринли замонавий янги давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга, тизим фаолияти, прокуратура вакилларининг самарали меҳнати йўлида яратиб берилаётган қулайликлар ва бошқа йўналишларда бажарилаётган ишлар билан танишдилар.

Шунингдек, очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда прокуратура фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам фикр алмашилди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?