Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига Спортни ривожлантириш вазири А. Икрамов жавоб берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда спорт сиёсат даражасига кўтарилди. Ўтган вақт давомида соҳани ривожланитиршга оид Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Улар асосида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари маҳаллаларда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарурий инфратузилмани яратиш, кенг тарқалган оммавий спорт турлари асосида республика мусобақаларини ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.
Спортни ривожлантириш вазири таъкидлаганидек, маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларни тизимли ташкил этиш, уларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида енгил атлетика, волейбол, стритбол, шахмат, шашка, стол тенниси, футбол, мини футбол ва воркоут спорт турлари бўйича маҳаллаларда истиқомат қилувчи (7-10, 11-15, 16-21, 22-26, 27-30) ёшлар ўртасида йилига икки мавсумда спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилди.
Жумладан, 7-10 ёшли болалар ўртасида “Қувноқ стартлар”, шахмат-шашка спорт турлари бўйича мусобақаларда 630 минг нафар, 2 млн. 174 минг нафар
11-15 ёшли ўсмирлар ўртасида енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, мини футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Бундан ташқари, 254 та спорт мактабининг йўриқчи-услубчи штат бирликлари ҳисобига спорт мактаби директорининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. 9 349 та маҳаллага спорт мактабларининг тренерлари ва умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари бириктирилди.
Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволлар беришди.
А. Икрамов қайд этганидек, давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 279 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиаллари негизида замонавий спорт инфратузилмасига эга бўлган 254 та спорт мактаби ташкил этилди. Жойларда аҳоли сони ва уларнинг қизиқишлари инобатга олиниб, спорт мактабларида олимпия спорт турлари бўйича спортчилар тайёрлаш бўйича янги тизим яратилди.
Шунингдек, иқтидорли спортчиларни профессионал таълим билан қамраб олиш, уларнинг иқтидорини тўла намоён қилишлари учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари негизида олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил қилинди. Бугунги кунда ушбу марказларда ўқиш жараёни 13 та устувор ва ихтисослашган олимпия спорт турлари бўйича 2 та босқичда амалга оширилмоқда. Яъни, биринчи босқичда 5-11 синфлар учун Олимпия мактаблари, иккинчи босқичда 1-2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежлари фаолият кўрсатмоқда.
“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари спорт-таълим муассасаларини олий маълумотли, малакали тренерлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқди.
Спортни ривожлантириш вазири таъкидлаганидек, Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг Нукус ва Фарғона филиаллари ташкил этилиб, уларда ҳозирги кунда спорт турлари ҳамда адаптив жисмоний тарбия ва спорт ихтисосликлари бўйича тренерлар етишиб чиқмоқда. Спорт турлари ҳамда адаптив жисмоний тарбия ва спорт ихтисосликлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш 2018 йилга нисбатан 26 фоизга ошган.
Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг Нукус, Самарқанд ва Фарғона филиаллари ҳам ташкил қилинди. 2022 йил якунига қадар 12 434 нафар жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислари қайта тайёрлашдан ўтиши режалаштирилган бўлиб, мазкур малака ошириш курсларига жалб қилинган жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислар қамрови 2017 йилга нисбатан 5 баробарга ошган.
Савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Муҳокамалар сўнггида кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг