ЖИДУ Канаданинг Карлтон университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди

23:51 07 Февраль 2022 Сиёсат
2373 0

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев ва Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Канаданинг Карлтон университети президентининг ўринбосари Карен Шварц билан онлайн-мулоқот ўтказди.

Музокараларда, шунингдек, Норман Патерсон номидаги Халқаро муносабатлар мактаби (NPSIA) директори Иагадисен Сами ва NPSIA ҳузуридаги Европа, Россия ва Евросиё тадқиқотлари институтининг раҳбари Крин Виджу-Милюшевич иштирок этди.

Видеоконференция давомида икки олий таълим муассасаси фаолияти, халқаро кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун илмий салоҳият ва имкониятлар, университетлар ўртасида талабалар, тадқиқотчилар ва ўқитувчилар алмашувини янада мувофиқлаштиришнинг амалий жиҳатлари тўғрисида атрофлича маълумотлар алмашилди.

Канада вакиллари Ўзбекистон учун олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар билан батафсил таништирилди. Хорижий давлатлар, хусусан, Канада университетлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ректор Содиқ Сафоев ЖИДУнинг ташкил этилиши тарихи, таркибий бўлинмалари, таълим йўналишлари, халқаро ҳамкорлиги, шунингдек, университетнинг келгуси йилларга мўлжалланган ривожланиш режаси ҳақида тўхталди.

Ректор ҳозирги кунда 81 нафар ўзбекистонлик талаба «Эл-юрт умиди» жамғармаси грантлари ҳисобидан АҚШнинг 29 та университетида таҳсил олаётганини таъкидлади. Улардан 63 нафари бакалавр, 17 нафари магистр ва 2 нафари эса докторантура дастурларида ўқишмоқда. ЖИДУнинг яна битта вакили Канадада таълим олмоқда. Шу муносабат билан, Карлтон университетида ўзбекистонлик талабаларнинг иқтисодиёт, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар соҳасидаги машғулотларини ташкил этиш таклиф этилди.

Евроосиё, МДҲ ва Марказий Осиё бўйича қўшма минтақавий тадқиқотлар ўтказиш ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида белгиланди. Содиқ Сафоев университет ушбу ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қилиш учун тажрибали мутахассислар ва тадқиқотчиларга эга эканини маълум қилди. Шу муносабат билан, ЖИДУ ректори икки университет олимлари ўртасида ўзаро ҳамкорликда илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ташаббусини илгари сурди.

Карлтон университети президентининг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Карен Шварц ЖИДУ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини олқишлар экан, Канада томони Карлтон университетининг Ўзбекистон билан шериклик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, университет ЖИДУ билан ўзаро Англашув меморандуми лойиҳасини кўриб чиқишга тайёр.

Карен Шварцнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат самарали ва узоқ муддатли алоқаларни янада ривожлантиришга кўмаклашади, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашувига асос бўлади, шунингдек, университетлар ўртасидаги турли илмий лойиҳаларга замин яратади. 

«Карлтон университети халқаро тадқиқот лойиҳаларини фаол амалга ошириб келмоқда ва дунёдаги кўплаб шериклар билан стратегик тадқиқотлар соҳасида алоқалар ўрнатган, — деди у. — ЖИДУ ҳам бу борадаги ишончли шерик бўлиши мумкин».

Суҳбат якунида яқин келажакда ҳамкорлар ўртасида ўзаро Англашув меморандумини тайёрлаш ва имзолаш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, Карлтон университети 1942 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва у 6 та факультетдан ташкил топган. Айни пайтда университетда 24 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. «UI GreenMetric» маълумотларига кўра, 2020 йилда ушбу олий таълим маскани жаҳон университетлари рейтингида барқарор ривожланиш кўрсаткичи бўйича Онтарио провинциясида биринчи, Канадада эса иккинчи ўринни эгаллади.

Карлтон университети ҳузуридаги Норман Патерсон номидаги халқаро муносабатлар мактаби Канадада етакчи ўринга эга ва халқаро алоқалар бўйича профессионал таълим муассасаси ҳисобланади. 1965 йилда ташкил этилган ушбу мактаб Канаданинг Халқаро алоқалар профессионал мактаблари ассоциациясидаги ягона тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?