ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқичи: Ўзбекистон Қирғизистонни мағлуб этиб, муҳим уч очкони қўлга киритди

23:25 20 Март 2025 Спорт
330 0

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 7 тури баҳслари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғизистон терма жамоасини қабул қилди.

Мазкур баҳсда ҳамюртларимиз 1:0 ҳисобида ғалабага эришди ҳамда муҳим уч очкони қўлга киритди.

Учрашувнинг 24 дақиқасида Ҳожиакбар Алижоновга нисбатан ишлатилган қўполлик учун қирғизистонликлар футболчиси Саид Датсиевга қизил карточка кўрсатилиб, майдондан четлатилди ва рақиблар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Аммо жамоамиз сардори Элдор Шомуродов 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантира олмади. Рақиб дарвозабони Эржан Токотаев Шомуродовнинг зарбасини қайтарди.

Биринчи бўлим тўлиқ ҳамюртларимиз устунлигида ўтди. 40-дақиқага келиб, Файзуллаевнинг чиройли узатмасидан кейин Ҳожиакбар Алижонов ақлли зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлим терма жамоамизнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

Йигитларимиз иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳужумкор ўйин намойиш этди. Шундай ҳужумларнинг бирида дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетаётган Жалолиддин Машарипов йиқилди. Ҳакам бу ҳаракатни симуляция дея баҳолади ҳамда Машариповга сариқ карточка кўрсатди. Футболчимиз шу тариқа 25 март куни сафарда бўлиб ўтадиган Эронга қарши баҳсда терма жамоамизга ёрдам бера олмайди.

Футболчиларимиз ўйин сўнггигача бир қатор голли имкониятлар ярата олишди, бироқ ҳакам финал ҳуштагини чалгунга қадар ҳисоб ўзгармади.

Мазкур баҳсдан кейин, Ўзбекистон терма жамоаси 16 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Ушбу ўйин билан параллель равишда бошланган Эрон ҳамда БАА учрашувида мезбонларнинг қўли баланд келмоқда. Онлайн турнир жадвалида эронликлар ҳисобида 19 очко бор ва турнир жадвалида пешқадамлик қилишмоқда.

3-ўринда бораётган БАА ҳисобида ҳозирча 10 очко мавжуд. 25 март куни бўлиб ўтадиган 8-тур доирасидаги баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Эрон устидан ғалабага эришса, муддатдан олдин ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?