ЖЧ-2022 саралаш. Ўзбекистон янги бош мураббий билан илк ўйинда 5та гол урди
ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқичи 3-тури доирасида Ўзбекистон ва Яман терма жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди. Вадим Абрамов қайтган ўйинда Ўзбекистон миллий жамоаси 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ мезбонлар ҳисобни очди. Жамшид Искандеров ажойиб узатма билан Достон Ҳамдамовни қанотдан олдинга бошлади. Достон тўпни дарвоза яқинига ташлаб берди ва марказий ҳужумчи ролида пайдо бўлган Санжар Қодирқулов бир ҳаракат билан аниқ зарба бериб дарвоза тўрини аниқ нишонга олди.
33-дақиқада Элдор Шомуродов ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Чап қанотдан Фаррух Сайфиев ҳаволатиб узатган тўпни терма жамоанинг асосий ҳужумчиси боши билан дарвоза тўрига жойлади. 53-дақиқада Жамшид Искандеров Ўзбекистоннинг учинчи голини урди. Унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси узоқ бурчакка бориб тушди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов захирадан майдонга тушиб бош билан гол урди, аммо ҳакам ҳужум давомида қоида бузилганини қайд этиб бу голни инобатга олмади. Кўп ўтмай ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев бурчакдан узатилган тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Ўзбекистонликларнинг ўйинга иккинчи бўлимда қўшилган яна бир футболчиси Игорь Сергеев 90-дақиқада Достон Ҳамдамовнинг узатмасидан кейин рақиб дарвозабони бўш қолдирган дарвозага жойлаб қўйди ва якуний ҳисобни ўрнатди - 5:0.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Саудия Арабистони терма жамоаси Сингапур терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, гуруҳда пешқадам бўлиб олди.
Ўзбекистон терма жамоаси 3 турдан сўнг (2 ўйин) 3 очко билан гуруҳ турнир жадвалида учинчи ўринда жойлашган.
Вадим Абрамов шогирдлари гуруҳдаги тўртинчи тур учрашувини 15 октябрь куни сафарда Сингапур терма жамоасига қарши ўтказади.
ЖЧ—2022 саралаши. 3-тур
Ўзбекистон—Яман 5:0
Голлар: 1:0 — 2 Санжар Қодирқулов, 2:0 — 33 Элдор Шомуродов, 3:0 — 53 Жамшид Искандеров, 4:0 — 72 Ислом Тўхтахўжаев, 5:0 — 90 Игор Сергеев.
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Тўхтахўжаев, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев (Икром Алибоев, 75), Отабек Шукуров, Жамшид Искандеров (Одил Аҳмедов, 57), Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов, Санжар Қодирқулов, Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 79).
Яман: Салим Авад, Ал Ҳамри, Ал Радаеи (Муҳаммад Салим, 85), Алаеддин Маҳди, Аҳмад Ал Сарори, Омар Ал Даҳи, Абдулвасеа Ал Матари, Аҳмад Маҳер (Ал Ворафи, 48), Носир Ал Гахваши, Муфед Жамол, Эмад Мансур (Фуад Омар, 71).
Огоҳлантиришлар: Ал Ворафи 56, Отабек Шукуров 76.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг