Жанубий сарҳаддаги нуфузли университет

19:31 29 Сентябр 2023 Жамият
963 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Ушбу сана тобора яқинлашиб келаркан, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида эришилган ютуқлар билан бирга, келгуси устувор режалар ҳам яна бир бор таҳлил қилинади.

Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларида жойлашган Термиз давлат университети ҳам бундан мустасно эмас. Мазкур нуфузли университет ўтган давр мобайнида улкан натижаларни қўлга киритди, дейишга барча асосларимиз мавжуд. Энг муҳими, университет жамоаси 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамини тегишли соҳаларда яхши натижалар билан кутиб олаётир.

Таъкидлаш жоизки, бу даргоҳда кейинги 2-3 йил ичида 25 та таълим йўналиши, 17 та магистратура мутахассислиги фаолияти йўлга қўйилди. Айниқса, устоз ва мураббийларга эътибор кучайди. Уларнинг билим ва тажрибаларидан оқилона фойдаланиш, моддий манфаатдорлигини ошириш борасида янги имкониятлар яратилди. Ёш олимларнинг илмий лойиҳалар устида иш олиб боришига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу боис 2021 — 2023 ўқув йилларида илмий даражага эга мутаххассислар салмоғи ортиб бориб, фан доктори (DSc), профессорлар сони 1,3 мартага, фан номзоди (PhD), доцентлар сони эса 1,5 мартага кўпайди. Биргина жорий йилнинг олти ойида 63 та ҳимоя ўтган бўлса, 10 нафар ходим илмий унвонга эга бўлди. Докторантура битирувчиларининг ўз вақтида ҳимоя қилиш кўрсаткичи 2,5 баробарга ошди. Булар бежизга эмас, албатта. Зеро, Термиз давлат университети ректорати томонидан таълим ва фан интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширлаётган режали ишлар ўз самарасини бермоқда.

Янги-янги иқтидорларни юзага чиқариш, улар илгари сураётган илғор ғоялар, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш натижасида, фан ва ишлаб чиқаришга юксак самара келтирувчи илмий лойиҳалар, янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари, монографиялар юзага келди.

Университет ректори Авазжон Мараҳимов интервьюси:

— Профессор-ўқитувчиларимизнинг “Scopus” ва “Web of Science” базаларига кирган халқаро илмий журналлардаги мақолалари сони 2,5 йилда 4 баробарга кўпайди. — Нашрларга халқаро иқтибослар сони эса 7,8 баробарга ошганини кўрамиз. Олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида университетимиз халқаро “Times Higher Education Impact Rankings” агентлигининг рейтингида (2022 йил якунларига кўра) 8 та кўрсаткич бўйича 1001+ ўринда эътироф этилди. Университетимиз фаолияти “Сифатли таълим”, “Саноат, инновациялар ва инфратузилма”, “Иқлим ҳаракати”, “Гендер тенглиги”, “Мақсадлар учун ҳамкорлик” йўналишларида самарадор деб баҳоланди.

Шунингдек, хорижий олий ва илмий таълим муассасаларининг малакали олим-мутахассисларини илм-фан ва таълим жараёнига жалб этиш борасида ҳам яхши натижалар мавжуд. Масалан, биргина кейинги икки йилда 73 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар ўқув-амалиёт ишларига жалб қилиниб, университетнинг 110 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари хорижий ОТМда малака ошириб, нуфузли халқаро конференцияларда маъруза қилди.

Энг асосийси, Президентимиз ташаббуси билан вилоятимизда янги ташкил этилган олийгоҳлар учун 50 дан ортиқ илмий даражали педагогик кадрлар етказиб берилди. Ёки сўнгги 2,5 йилда 13,1 млрд. сўм қийматга эга давлат гранти ва халқаро лойиҳалар амалга оширилди.

Термиз давлат университети профессор-ўқитувчиларининг сифатли таълим жараёнларини кенгайтириш борасидаги самарали меҳнатлари туфайли, Президент стипендияси ва номдор степиндиантлар сони йил сайин кўпаймоқда. Қолаверса, кўплаб иқтидорли талабалар халқаро фан олимпиадаларида ҳам муносиб иштирок этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 23 — 28 апрель кунлари Туркманистон Республикаси Халқаро гуманитар ва тараққиёт университетида ўтказилган Халқаро математика фан олимпиадасида талабалардан Сирожиддин Беғамов кумуш, Ҳожиакбар Аминов ва Абдулло Рўзиев бронза медалларини қўлга киритишди. Эллик нафарга яқин талабалар эса республика миқёсида ўтказилган илмий танловлар совриндори бўлди. Халқаро таълим масканлари билан талабалар алмашинуви дастури доирасида эса 9 нафар талаба етакчи хорижий университетларга ўқишга юборилди.

Университет талабалари ўртасида оммавий спортни ривожлантиришга берилаётгани эътибор туфайли на фақат мамлакатимиз балки хорижий далатлардаги мусобоқаларда ҳам яхши натижалар қайд этилмоқда. Қўлга киритилган 52 та медалнинг 12 таси олтин, 18 таси кумуш ва 22 таси бронза медаллари эканлигини алоҳида санаб ўтиш жоиз.

2022 йилнинг октябрида Бухоро вилоятида бўлиб ўтган Ёш ижрочиларнинг “Шашмақом” республика фестивалида биринчи ўринни эгаллаган талаба Аловиддин Шермаматов ҳамда 2022 йил 13 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Open Asia” халқаро танловида иштирок этиб, 1-ўринга сазовор бўлган Миллий либос ва санъат факультети талабаси Екатерина Бакуменколар университет фахрига айланди.

Университетда талабалар назарий билимларини амалиётга тадбиқ этиш, замонавий таълим технологияларидан унумли фойдаланиш борасида ҳам яхши натижалар кўзга ташланади. Айниқса, профессор-ўқитувчилар дарс жараёнларини мукаммаллаштириш, илғор услублар билан бойитиш, маърузалар сифатини ошириш, ўқув жараёнида инновацион технологияларни қўллаш учун университет инфратузилмаси янги босқичга кўтарилди.

Жумладан, 311 турдаги 6,1 млрд. сўмлик жиҳозлар ва ускуналар харид қилиниб, 6 та таълим йўналишлари учун янги лабораториялар ташкил этилди. Ўн битта таълим йўналишларидаги мавжуд лабораториялар тубдан янгиланди.

Умуман олганда, университетда амалга оширилаётган ишлар унинг нуфузини ошириш, талабаларга сифатли таълим бериш, пировардида эса мамлакатимиз равнақи учун хизмат қиладиган малакали кадрлар етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

                                         

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(“Халқ сўзи).

Монтаж ва тасвирлар устаси

Акмал Муҳаммадиев (Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер