Юксак минбарда Ўзбекистон овози

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда ташриф доирасида Президент Дональд Трамп ва АҚШнинг йирик бизнес вакиллари билан ўтказган учрашувлари халқаро экспертларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Чунки давлатимиз раҳбарининг юксак минбардан янграган нутқида илгари сурилган ташаббуслар ҳам, олий даражадаги мулоқотлар ҳам мустақил Ўзбекистоннинг дунё сиёсатида ўз позициясига ва мавқеига эга бўлган мамлакат мақомини яна бир бор яққол намойиш этди.
Ўзбекистон БМТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ҳамда барқарорликни ўрнатишга қаратилган стратегияларни белгилашда фаол иштирок этиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида бунга қадар 4 маротаба нутқ сўзлаб, қатор ташаббусларни илгари сурган. Улар асосида мазкур нуфузли ташкилотнинг йигирмага яқин резолюциялари қабул қилинган. Хусусан, 2016 — 2025 йилларда Президентимиз ташаббуслари билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида” каби резолюциялари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар таълим, бағрикенглик, минтақавий интеграция ва экологик инқирозга қарши кураш каби масалаларни қамраб олди.
Ассамблеянинг бу галги юбилей сессиясида ҳам Президентимиз глобал кун тартибидаги масалалар ечимига қаратилган ўндан ортиқ таклифларни илгари сурди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди.
Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида таълим тизимининг аҳамияти ҳар нарсадан муҳимроқ. Зеро, бугун дунёдаги барча тараққий этган мамлакатлар бу натижага айнан таълим тизимини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш орқали эришганлари ҳеч кимга сир эмас.
Шу нуқтаи назардан, сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда ҳам таълим соҳасини ислоҳ қилиш, уни жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Ва бу саъй-ҳаракатлар ўз натижаларини бермоқда. Президентимиз ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларимизнинг мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, олий таълимда эса бу кўрсаткич 9 фоиздан 42 фоизга етди. Энг асосийси, ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин кўтаришга ҳал қилувчи масала сифатида қаралмоқда. Президентимиз ўз нутқида киритган таклифнинг амалга ошиши эса профессионал таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида олдимизга қўйган мақсадларга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари нутқида бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланганини таъкидлади. Бу Президентимиз томонидан эълон қилинган ва дунё сиёсатида катта аҳамиятга эга бўлган муҳим баёнотлардан бири бўлди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз етакчиси саъй-ҳаракатлари, қатъий иродаси туфайли бугун Марказий Осиё дунё ҳамжамияти томонидан ягона иқтисодий макон сифатида таърифланмоқда. Бунга минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ўзаро интеграцияни чуқурлаштириш йўлидаги самарали механизмга айлангани, сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайгани, қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил қилинаётгани, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани асосий омил бўлмоқда.
Ўтган яқин тарихимизда қўшни давлатлар билан совуқ муносабатларнинг салбий оқибатлари меваларини ҳам тотиб кўрдик. Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуслари сабаб бир-бирига қўшни, қардош бўлган давлатлар ўртасида бугун ишончли ҳамкорлик, тинчлик ва тотувлик қарор топди. Бу нафақат минтақа давлатлари, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича таклифлари муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари минтақа давлатларида Барқарор ривожланиш мақсадларига мос лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётганини таъкидлаб, ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди. Мазкур таклиф халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч” деган пурмаъно мақолига ҳамоҳанг равишда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда, жафокаш афғон халқининг асрий орзуларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутиши билан бир қаторда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Қолаверса, мазкур таклиф Президентимизнинг халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратишга қаратилган “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этишга оид даъвати билан ҳам ҳамоҳангдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, БМТ мамлакатимизнинг минтақавий хавфсизликка қўшган ҳиссасини доим эътироф этади. Зеро, Президентимизнинг чиқиши орқали Ўзбекистон нафақат муаммоларни тилга олади, балки уларга аниқ ечим таклиф этади. Мисол учун, биронта халқаро тадбир йўқки, Ўзбекистон Президенти Афғонистонда тинчлик-тотувликни таъминлаш, афғон халқининг яхши, фаровон яшашга ҳаққи борлиги масаласини кўтармаган бўлса. Чунки Ўзбекистон раҳбари бугун дунёда юз бераётган барча зиддиятларни тинч йўл билан, ўзаро музокаралар ва манфаатларни бирдек ҳурмат қилиш орқалигина ечиш кераклигига нафақат урғу бермоқда, балки унинг намунасини ҳам кўрсатяпти.
Ўзбекистон учун Афғонистон нафақат қўшни, балки минтақавий барқарорликнинг асосий омилларидан биридир. Мамлакатимиз кўп йиллардан бери Афғонистонни яккалаб қўйиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаб келади. Бу борада БМТ асосий мулоқот майдони бўлиб қолмоқда. Мамлакатимиз бу жараёнда воситачи ва ташаббускор сифатида иштирок этмоқда, мулоқотларни ташкиллаштирмоқда, инфратузилмавий лойиҳаларни таклиф қилаётир, гуманитар ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Термиз шаҳрида очилган махсус таълим маркази ҳамда юртимиздаги бошқа олийгоҳларда афғонистонлик талабалар тиббиёт, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, халқаро муносабатлар ва иқтисодиёт ҳамда ҳуқуқ соҳаларида таълим олмоқда. Шунингдек, Термиз халқаро савдо марказида Афғонистон фуқароларининг савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан иқтисодий-гуманитар соҳаларда йўлга қўйган ҳамкорлигининг мана шундай амалий натижалари халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлаётир.
Умуман, хавфсизлик масаласи ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон учун ягона йўл — бу ўзаро ҳамжиҳатлик йўлидир. Ушбу анжуманда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг долзарблиги шундаки, улар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида биргаликда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга ва қатор муаммоларнинг ечимига, минтақа давлатлари ва умуман, чет давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилганлигидадир.
Хусусан, Фаластин масаласи бугун ҳам халқаро ҳамжамият кун тартибининг энг долзарб ва ҳал қилинмаган муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Президентимиз ўз нутқида Ғазо секторидаги вазият бўйича Ўзбекистоннинг позициясини аниқ-равшан айтиб ўтди. Жумладан, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақириқ, айниқса, БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ ва икки давлат” тамойилига содиқликка даъват Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсатининг ёрқин ифодасидир. Ва бу сиёсат фақат ташаббуслардагина эмас, амалий ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ғазо секторининг Рафаҳ ҳудудидан 100 нафар фаластинликнинг Ўзбекистонга олиб келиниб, уларга ғамхўрлик кўрсатилгани фикримизнинг яққол далили, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугун дунё фақатгина сиёсий майдонларда инқирозга юз тутмаяпти. Инсоният бошида турган энг катта хавф-хатар экологик муаммолар билан ҳам боғлиқ. Дунёнинг бирон-бир минтақаси ёки мамлакати йўқки, ушбу хавфдан холи бўлсин. Президентимиз БМТнинг юксак минбаридан сўзлаган ҳар бир нутқида жаҳон афкор оммасини ана шу хавфдан огоҳ этади, ҳамжиҳатликка чорлайди.
Жумладан, 80-сессияда ҳам Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш, сув ресурсларининг тақчиллиги каби масалаларга тўхтаб ўтилди. Сўнгги йилларда Орол денгизнинг қуриган тубида 2 млн. гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилгани, 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилиниши айтилди.
Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо этиш лойиҳасининг амалдаги ижроси натижасида ҳудудда чанг ва қумларнинг ҳавога кўтарилиши кескин камайишига эришилди.
Инсон қадри олий қадрият саналадиган янги Ўзбекистон учун аҳоли фаровонлигини ошириш, саломатлигини асраш, гендер тенглигини таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз нутқида айни шу мақсадлар ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарганини айтиб, бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришилаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозаларга мос равишда ташкил этишга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилаётганига ҳам қаратди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида соғлиқни сақлаш, шунингдек, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган халқаро ҳамкорлик механизми яратишни таклиф этди. Бундай механизм нафақат соғлиқни сақлаш, балки таълим ва маданият соҳалари ривожига ҳам катта туртки бериши, шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида муҳим йўналишлардан бири сифатида гендер сиёсатига ҳам тўхталиб ўтди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилганимиз, минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдори эканлигимиз таъкидланди.
Бу сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва барча соҳаларда хотин-қизларнинг ролини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигидан далолатдир.
Бугун юртимиз аёллари барча жабҳаларда ўз ўрни ва муносиб мавқеига эга бўлиб бормоқда. Хусусан, миллий парламентимизда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, аёл депутатлар ва сенаторлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 38-поғонага кўтарилди. Шунингдек, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 35 фоизга, сиёсий партияларда — 49, олий таълим тизимида — 44, тадбиркорлик соҳасида эса 43,5 фоизга етди. Беш нафар хотин-қиз туман ҳокими сифатида фаолият кўрсатмоқда. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда аёллар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки ярим баробар ошиб, 7,7 фоизга етгани эътиборга молик. Ва бу, албатта, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари асосида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар самарасидир.
Бир мақола доирасида Президентимиз илгари сурган ташаббусларнинг барчаси ҳақида сўз юритиш, уларнинг оламшумул аҳамиятини очиб бериш мушкул. Зеро, бу таклиф ва ташаббусларнинг ҳар бири алоҳида мақолага арзигулик. Аммо ҳақиқат шуки, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг замирида дунёда тинчликни таъминлаш, халқаро иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, энг муҳими, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш мақсади мужассам.
Жаҳон аҳлини ўйлантираётган долзарб масалаларни глобал кун тартибига олиб чиқиш орқали мамлакатимиз масъулиятли ва аниқ натижаларга йўналтирилган халқаро ҳамкорлик йўлида қатъийлигини яна бир бор тасдиқламоқда. Бу мамлакатимиз учун янги имкониятлар эшигини очиш баробарида фуқаролар ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиб, янги иш ўринлари, таълим имкониятлари, тоза атроф-муҳит ва хавфсиз келажакка хизмат қилади.
Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва Қояларни кенг тарғиб этиш, халқаро парламентлараро платформаларда дадил кўтариб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда миллий парламентимизнинг ўрни беқиёс. Биз, сенаторлар бу жараёнларда олдинги сафда, фаол ва намуна бўлишимиз керак.
Президентимизнинг АҚШга ташрифи давомида АҚШ Конгресси аъзоси, Вакиллар палатасидаги Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус раиси Трент Келли билан бўлган учрашувда парламентлараро мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, шу жумладан, парламентлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафтада уюштирилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир ҳудудимиз АҚШнинг муайян штати билан ҳамкорлик ўрнатиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий шериклар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришига кўмаклашиш зарурлигини қайд этди.
Ҳудудий вакиллик органи сифатида Сенат, барча сенаторлар, қолаверса, маҳаллий Кенгашлар бу ишга бош қўшиши, ҳудудларнинг ўзига хослиги ва имкониятларини чуқур ўрганиб, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаши, таклифлар ишлаб чиқиши ва парламентларимиз ўртасида бўлиб ўтадиган ўзаро мулоқотларда уларни кун тартибига қўйиши зарур.
Умуман, давлатимиз раҳбарининг АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига қилган тарихий ташрифи асосида барча ижро ва вакиллик органлари томонидан чора-тадбирлар белгиланиб, уларни амалга ошириш кутилмоқда. Биз ҳам, ўзимизнинг режаларимизда, халқаро фаолиятимиз доирасида уларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда янада фаолроқ бўлишимиз лозим.
Танзила НОРБОЕВА,
Олий Мажлис Сенати Раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг