Жамиятдаги меҳрли муҳит кўнгли ўксик болалар ҳаётини изга солди

12:42 30 Апрель 2025 Жамият
113 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Фарзанд тарбиясида талабчан, ўз навбатида, меҳрибон ва бағрикенг ўзбекнинг болапарварлигига тарих гувоҳ. Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз ота-онасиз етим қолган, бир оғиз ширин сўз ва меҳрга зор минглаб болаларни бағрига олган, уларни ўз фарзандидек камолга етказган.

Янги Ўзбекистонда халқпарварлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик сиёсати эпкинида халқимизнинг болажон феъли яна жўш урмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини татбиқ этиш бўйича ташаббуси оилавий Меҳрибонлик уйлари фаолиятига катта туртки берди.

Ангор туманидаги Янгитурмуш маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳошимовлар оиласи томонидан ташкил этилган оилавий болалар уйи 5 нафар ўғил ва 5 нафар қиз фарзандни бағрига олган. Бугун оила бағрида вояга етаётган ўғил-қизлар ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишмоқда.

Куни кеча Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тағоев Ҳошимовлар хонадонида бўлиб, болажонларнинг яшаш шароити билан танишди.

— Ота-она меҳридан мосуво, етим болаларнинг бошини силаш, уларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиш эзгу анъана тусини олди, — дейди М. Тағоев. — Илгари ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни ижтимоий ҳимоя қиляпмиз, деб амалда ҳеч ифодасини кўрмай юрган эканмиз. Ҳошимовлар оиласидаги муҳит мисолида бугун оилавий Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болажонларни кўриб, уларнинг ҳеч бирини ота-она меҳридан маҳрум, етим дейишга тил бормайди. Чунки ҳақиқий ўз оиласида яшаётгандек, эмин-эркин, болаларча эркалигу инжиқликлар, орзу-ҳавас ва улкан мақсадлар билан улғайишмоқда. Зеро, бу қутлуғ заминда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Оилада улғаяётган болаларнинг ҳар бири ўзига хос қизиқиш ва истеъдод соҳиблари. Тутинган ота-она эса ўғил-қизлари учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга интилмоқда. Бундан ташқари, оилада ўғил болалар отага кўмакчи, қизлар эса онанинг ёрдамчилари. Бу эса, ўғил-қизларнинг рўзғор тутумини ўрганиш борасидаги ҳаётий тажрибасини оширмоқда.

— Мен буларни ўз фарзандларим, деб қабул қилганман, — дейди Замира Нормуродова. — Фарзанд, айниқса, қиз бола тарбиясида она қандай меҳр ва эътиборли, жойи келганида қаттиққўл бўлса, мен ҳам шундай муносабатдаман. Қизларимга рўзғор тутишдан тортиб, одоб-ахлоққача ўргатишдан ҳеч ҳам чарчамайман. Уларнинг қизиқиши, истеъдоди ҳам мен учун жуда муҳим. Фарзандларимнинг бири фан, бошқаси спорт тўгаракларига мунтазам қатнайди. Ҳунар ўрганишга лаёқатлилари ҳам бор. Ушбу масъулиятли вазифа оиламизга ишониб топширилган экан, эртага фарзандларимнинг ҳар бири элимиз корига ярайдиган баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши йўлида ўз меҳнатимизни аямаймиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер