Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Ғолиб футболчиларимиз юртимизга қайтиб келди
Куни кеча футбол бўйича жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 9-турида муҳим натижани қайд этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ҳукумат аъзолари, спортимиз мутасаддилари, мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа фидойилари томонидан тантанали тарзда кутиб олинди.
Юзлари ёруғ, халқимиз ишончини оқлаган футболчиларимиз бирин-кетин кўриниш бериб, аэропортдан чиқиб келишди.
— Бу кунни ўзим ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида кўп кутганман, — дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе. — Мазкур ғалабаларимиз замирида, аввало, халқимизнинг ишончи ва дуоси ётибди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамоамиз аъзоларини телефон орқали қутлагани ҳаммамизни қувонтирди. Бизга йўллаган табрикларидаги сўзлари эса ўзим каби барча жамоамиз аъзоларини руҳлантирди.







Сўнгги йилларда юртимизда футболни оммалаштириш, ёш авлод ўртасида унга бўлган қизиқишни ошириш, халқаро мусобақаларда муносиб қатнашадиган терма жамоаларни шакллантириш мақсадида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Кутиб олувчилар орасида миллий терма жамоамизнинг келажаги порлоқ юлдузларидан бири — Абдурауф Бўриевнинг онаси Шаҳло Усмонова ҳам бор эди.
— Ўзбек халқини, аввало, қўшалоқ байрам — Ҳайит айёми ва миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиққани билан чин қалбдан табриклайман, — дейди Шаҳло опа. — Футболчиларни дуо қилиб турган юртдошларимизга миннатдорлик билдираман. Уларнинг ишончи, юракдан чиққан тилаклари мазкур ғалабада, албатта, ўз аксини топди.




Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Аэропорт атрофида одам кўп. Қўлида байроқ тутган ёшлар, улуғ отахонлар, ҳаяжондан жойида ўтира олмаётган мухлислар — барчаси мазкур унутилмас дақиқаларнинг бевосита иштирокчисига айланиш учун шу ерда тўпланган.
— Бу кунни ҳеч қачон унутмаймиз, — дейди футбол мухлиси Абдулазиз Абдуллаев. — Болаларим билан бирга келганим бежиз эмас. Улар бу онларни эслаб улғаяди. Насиб қилса, бундан-да йирик ютуқларга эришамиз. Йигитларимизга раҳмат.
Осиё қитъасида саралаш баҳслари давом этмоқда. 10 июнь куни Ўзбекистон — Қатар, Қирғизистон — БАА ва Эрон — КХДР терма жамоалари сўнгги тур учрашувларини ўтказади. Айни пайтда “А” гуруҳидаги вазият анча ойдинлашди. Гуруҳда Эрон 20 очко билан биринчи ўринда бораётган бўлса, Ўзбекистон термаси 18 очко жамғариб, иккинчи ўринни эгаллаб турибди. БАА терма жамоаси 14 очко билан учинчи ўринда қолди. Қатар 13, Қирғизистон 7, КХДР 3 очко билан кейинги поғоналардан жой олди.
Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган, янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини юксалтириш йўлида фидойилик кўрсатган футболчилар ва делегация аъзолари Президентимизнинг “Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов иштирок этди.
Суннатилла ИСЛОМОВ,
Санжар ШОМУРОДОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг