«Жаҳон назари тушган шаҳар» — дунё олимлари Бухорои шарифга ана шундай таъриф беришди

Жаҳон тарихида илм – фан, маданият,маърифат маркази вазифасини ўтаган шаҳарлар кўп. Лекин Бухорои шариф каби ниҳоятда кўп олимларга бешик бўлган гўшанинг топилиши мушкул. Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, IХ асрдаги Маъмун академиясининг асосини юртимиздан, хусусан, Бухородан етишиб чиққан олиму фузалолар ташкил этишган.
«Бухоро тарихи» асари муаллифи Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, Ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода ташкил этилган бўлиб, «Фаржак» номи остида фаолият юритган. Кейинчалик эса ушбу илмий анъаналар янада тараққий топиб, Бухоро мадрасалари ўзига хос халқаро университет мақомида фиқҳ, тасаввуф, ҳадис илми сингари диний, алжабр, ҳандаса (геометрия), тиббиёт сингари дунёвий фанлар таълимида етакчи бўлган. Натижада бу муқаддас тупроқда Бухоро фақиҳлари академияси асосчиси Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом ал-Бухорий, қомусий олим Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Калободий, Шайх Мустамлий Бухорий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк сиймолар етишиб чиқдилар. Шайх Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Исо ат Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ зотлар шу ерда таҳсил олиб, маънавий камолотга эришишган.
Шу боис ҳам 2020 йилда шариф шаҳарнинг «Бухоро Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши қадимий масканнинг Ислом цивилизациясидаги ўрнининг ўзига хос эътирофидир. Истиқлол йилларида мазкур анъаналар қайта тикланиб, Бухоро яна Ислом маърифати марказларидан бири мақомига эришди. Шу мақсадда бугун вилоятда учта мадраса, 100 дан ортиқ исломий йўналишдаги диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Бухоро давлат университетида «Ислом тарихи ва манбашунослиги» таълим йўналиши очилди. Мир Араб мадрасаси олий таълим муассасаси мақомига кўтарилди. Мир Араб мадрасаси ҳузурида «Тасаввуф илми мактаби» ташкил этилди.
Бу фикр-мулоҳазалар онлайн тарзда ташкил қилинган «Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ўз эътирофини топди.
Таъкидлаш жоизки, Ислом Ҳамкорлиги–IRCICA Халқаро Ташкилотининг Ислом таълим, фан ва маданият тузилмаси–ICESCO шафеълигида ўтказилган бу нуфузли онлайн анжуманда халқаро ташкилот Бош директори, доктор Салим Муҳаммад ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази–IRCICA Халқаро ташкилоти Бош директори, доктор Халид Эрен, Бутунжаҳон мусулмон уламолари Кенгаши раисининг маслаҳатчиси, профессор Наср Ориф, Марокаш республикасининг Қуарайни университети вице-президенти доктор Идрис ал-Фасси, Марокаш республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ислом ишлари бошқармаси мудири Ҳамид ал-Аҳмар, Албания Республикаси Ислом цивилизацияси маркази раиси, доктор Рамиз Мустафо Закий, Туркия давлатининг Анқара, Истанбул ҳамда Мармара университетларининг фан докторлари, профессорлар Ҳасан Курт, Муртазо Бедир, Неждет Тосун, Арас Нефтчи, Семих Жейхан, Усмон Айдинли, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон республикалари, қолаверса, юртимиздаги қатор олий ўқув юртларининг вакиллари иштирок этдилар.
Видеоконференцияни Ўзбекистон Республикаси Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров кириш сўзи билан очиб, кўҳна ва боқий Бухоронинг Ислом дини ривожидаги ўрни ва мавқеи, буюк муҳаддис Имом ал Бухорий ҳазратлари ва бошқа етук намоёндалар илмий- маънавий мероси, уларнинг аҳамияти хусусида тўхталди.
Шундан сўнг Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов сўз олиб, халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларини муборакбод этди, жорий йил вилоятимизга Ислом маданияти пойтахти деган нуфузли унвон берилгани Бухоро ва бухороликлар, умуман, миллатимиз учун катта шараф ва масъулият эканлигини таъкидлади.
–Бухоро ва бухороликларнинг Ислом маданияти цивилизациясига қўшган ҳиссасини мисоли бир чексиз уммонга қиёслаш мумкин,–деди вилоят раҳбари ўз сўзида.–Ушбу уммон нечоғли кенг ва чуқур тадқиқ этилса, шу қадар кўп ирфоний дур-марваридлар кашф этилаверади.Вилоят ҳокимлиги бу хайрли ишда тадқиқотчи – олимларга яқиндан туриб кўмаклашади.
Кун тартибига мувофиқ, илмий-амалий конференция шўбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Уларда «Бухоронинг Ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси», «Ислом цивилизациясида Бухоро маънавий мероси ва унинг ҳозирги даврда чет эллик ва маҳаллий олимлар томонидан ўрганилиши муаммолари», «Марказий Осиёда Ислом маданияти ва санъати: ўтмиш ва ҳозирги замон» мавзуларида маърузалар тингланиб, муҳокамалар бўлди. Соҳа мутахассислари, ёш олимлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар.
Олимжон ЖЎРАЕВ,
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг