Жаҳон Банки билан ҳамкорликда йирик қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда

17:25 17 Май 2025 Жамият
30 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухорода Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банкининг «Андижон, Чирчиқ, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш» қўшма лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда соҳа масъуллари, ўзини-ўзи бошқарув органлари раҳбарлари ҳамда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Аҳоли ўртасида марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини жорий қилишнинг афзалликларини атрофлича тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда тўпланганлар эътибори бир неча жиҳатга қаратилди. Чунончи, марказлашган иситиш тизими истеъмолчилар учун қулай ва нисбатан арзон. Унда инсон ҳаётини хатарга соладиган нохуш вазиятлар рўй бермайди. Бунинг устига экологик жиҳатдан хавфсиз. Хусусан, қўшма лойиҳа асосида тизимда замонавий технологияларнинг дадил қўлланилаётгани, кўплаб жараёнларнинг инсон омилисиз, автоматик тарзда бажарилиши тизимга бўлган ишончни оширмоқда. Зеро, соҳада модернизация юмушлари илк бор яхлит тарзда олиб борилмоқда.

Бухоро шаҳрида бу борада муайян тажриба тўпланганини кўриш мумкин. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, лойиҳа рўёби учун 22,62 миллион АҚШ доллари миқдорида Жаҳон Банки кредитлари ажратилган. Ҳозиргача мазкур маблағнинг 79 фоизи ўзлаштирилди. Хўш, тизимдаги кенг қамровли ўзгаришлар қандай натижаларга олиб келади?

— Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши бизга энергия-самарадор ёпиқ тизимга ўтиш имконини беради, — дейди «Бухороэнергомарказ» акционерлик жамияти директори Анвар Қараев. — Йилига 6,4 миллион куб метр табиий газ ёки 9,6 миллиард сўм, 0,9 миллион кВт соат электр энергияси, 1 миллион куб метр ичимлик суви тежалади.

Тармоқдаги йўқотишлар икки бараварга қисқаради. Атмосфера қатламига зарарли модданинг ташланиши йилига 2,8 минг тоннага камаяди. Иссиқлик тармоқларининг эксплуатация муддати ўттиз йилгача узаяди. Кўпқаватли уйларда индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади. Натижада иссиқлик худди табиий газ, электр энергияси каби махсус счетчиклар воситасида ҳисоб-китоб қилинади.

Тадбирда сўз олган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда соҳанинг Андижон, Чирчиқ шаҳарлари масъуллари, шунингдек, «Келажак шаҳри ривожи» консалтинг маркази вакиллари Раҳима Ортиқова, Анастасия Акуленко ва бошқалар қўшма лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Иситиш тизимини модернизация қилиш ва бунинг аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсирини таҳлил этишда ўзига хос минбар вазифасини ўтаган тадбир якунида иштирокчилар «Бухороэнергомарказ» АЖ фаолияти билан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?