Зарафшон шаҳрида инглиз тили ўқув маркази очилди

16:38 03 Январь 2024 Жамият
1631 0

Фото: "Халқ сўзи"

Янги йилнинг байрам шукуҳи Навоий вилоятининг олис ҳудудларида ҳам болаларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Хусусан, вилоятнинг Зарафшон шаҳрида “Президент арчаси” байрам тадбири ташкил этилиб, Қизилқум шимолидаги ҳудудлар – Зарафшон шаҳри, Томди ва Учқудуқ туманларидаги оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ва Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандларига “Президент совғаси” топширилди. Болаларни Зарафшон шаҳри ҳокими Назирбек Раҳманов, Томди тумани ҳокими ўринбосари Н. Бекназаров мамлакатимиз раҳбари номидан янги йил билан табриклади.

“Олтин водий” маданият марказида бўлиб ўтган ушбу тадбирда иштирокчи болалар учун театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.

Шу куни шаҳарда “Thompson school“ IT мактаби ва инглиз тили ўқув марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ўқув марказида минг нафар йигит-қизга IT ва дастурлаш бепул ўргатилади. Шу билан бир қаторда инглиз тилидан ҳам таҳсил берилиб, билимларини ошириб боришига имконият яратилади.

Вилоятнинг яна бир олис ҳудуди Ғозғон шаҳрида эса таълим-тарбия маскани яна биттага кўпайди. Шаҳарнинг 4- мактаби ўқувчилари ва педагоглар жамоаси қурувчилардан янги мактаб биносининг рамзий калитини қабул қилиб олдилар.

Мазкур мактаб шу кунга қадар шаҳардаги Шайхон маҳалласида жойлашган 1-умумтаълим мактабининг филиали бўлиб, унда 180 ўқувчи таълим-тарбия олишарди. Янги бинода 184 нафар ўқувчини бағрига олган таълим муассасасида ёшлар билим олиши билан бирга касб-ҳунар эгаллашлари учун ҳам барча имконият яратилиб, даргоҳ ўқув йилининг учинчи чорагини умумий ўрта таълим мактаби мақоми остида бошлайди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?