“Заковат билан юртни жаҳонга танитмоқчиман”

13:30 26 Декабрь 2024 Жамият
185 0

Шахматчилар оиласида туғилганман. Халқаро ФИДЕ устаси, “Шуҳрат” медали соҳиби, амаким Маматқул Хайлаев менинг илк устозим ҳисобланади. Амаким раҳматли 5 ёшимда менга шахмат сир-синоатини ўргатишни бошлаганди. Айни у кишининг сабоқлари туфайли шахмат соҳасида ўз ўрнимни топиб боряпман. Ёш бўлсам-да, ҳозирда Сирдарё вилояти шахмат федерациясининг тренери, шахмат бўйича спорт усталигига номзодман.

Якунланаётган йилда шахматга қизиқадиганларга сабоқ беришни ҳам бошладим. Ҳозирда 60 нафардан ортиқ ёшга мураббийлик қиламан. Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабасиман. Ушбу масканда шахмат бўйича чуқур назарий ва амалий сабоқ оляпман. Шу ўринда айтиш жоизки, шахматнинг олий таълим йўналишларидан бири сифатида ўқитилишининг йўлга қўйилганлиги юртимизда мазкур спорт турини янада ривожлантиришда катта қадам бўлди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги ”Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан сўнг шахматнинг мамлакатимиз спорт ҳаётидаги аҳамияти янада ошди. Хусусан, сўнгги йилларда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, унинг болалар ўртасида тобора қизиқарли машғулотга айланиб бораётганлиги таҳсинга лойиқ. Бунга “Мактабда шахмат” лойиҳаси иштирокчилари кўпайиб бораётганлиги ҳам далолатдир.

Шуни фахр билан айтаманки, бундан неча юзлаб йиллар олдин ҳам юртимизда шахмат аждодларимизнинг энг севимли спорт тури бўлган. Жаҳон шахмат тарихида Ватанимизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Айни пайтда Янги Ўзбекистонимиз бошқа кўплаб спорт турлари қаторида шахматда ҳам дунёнинг етакчи мамлакатлари сафидадир. Бугун шахмат билан минглаб ёшларимиз катта иштиёқ билан шуғулланмоқда. Яқин йилларда жонажон Ватанимиз номини энг юқори натижалар билан шарафлайдиган кўплаб юқори салоҳиятли шахматчилар етишиб чиқишига ишонаман. Келгусида заковат билан юртни жаҳонга танитмоқчиман.

Самандар ЖУМАЕВ,

Сирдарё вилояти шахмат федерацияси тренери.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?