Юртимизда халқ устасига ўрнатилган биринчи ва ягона бюст

Фото: "Халқ сўзи"
У ўспиринлик чоғида отасидан жудо бўлди. Амакиси, уста Ҳаёт йигитчани ўз қарамоғига олди. Бинокорликни, ганчкорликни, мусаввирликни ўргатди. Мустақил уста сифатида ишлай олишига кўзи етгач, амакиси унга оқ фотиҳа берди. Кўп ўтмай йигитча маҳоратли ганчкор уста сифатида ном қозонди.
Бухоро амири Абдулахадхон Карманани ўзига қароргоҳ қилиб олгач, боғу бинолар қуришга киришди.У ерда ишлаётган ўнлаб усталар орасида қаҳрамонимизни ҳам кўриш мумкин эди. Таассуфки, қиш жуда совуқ келгани туфайли уста бармоқлари ва оёғини совуққа олдириб қўйди. Аммо бу уни суюмли ҳунаридан воз кечишига тўсиқ бўлолмади.
Амир Абдулахадхоннинг вафотидан кейин тахтга келган Амир Олимхон Бухорода ўзига ёзги сарой қуриш фикрига келди. Кейинчалик Ситораи Моҳи Хосса номи билан машҳур бўлган бу сарой қурилишига қаҳрамонимизни ҳам жалб этдилар. Гап Уста Ширин Муродов ҳақида бораётганини энди пайқагандирсиз.
-1912-1914 йилларда Уста Ширин ўз шогирдлари билан бу ердаги “Оқ уй” (хонаи сафед)ни қуриб, пардозлаган,- дейди Ситораи Моҳи Хосса халқ амалий безак санъати масъул ходими Наргиза Жумаева.- Унга қадар ганчкорликда “заминкор пардоз”, “табақа пардоз” каби беш хил услуб бор эди. Уста Ширин эса тамоман янги бир услуб яратади. Бу ойнапардоз услубидир.”Оқ уй” деворларидаги безаклар ойнанинг устида ганчдан безак берилган. Натижада гўзалликда бетакрор ва ягона манзара ҳосил бўлган. Орадан, мана, юз йилдан зиёд вақт ўтдики, бу ерга келаётган сайёҳлар ушбу гўзалликдан баҳраманд бўлиб, ҳайратларини яшира олмаяптилар.
Амирлик қулагач, Уста Ширин Бухородаги бир қатор тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари билан машғул бўлади. 1940 йилда Самарқандга кўчиб бориб, ёшларга гачкорлик сирларини ўргатади. Кейин эса Тошкентда Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биноси қурилишида иштирок этади. Бу ерда ойнапардоз усулидан фойдаланган ҳолда “Бухоро зали” деб аталадиган муҳташам хонани яратди. Муқимий номидаги театр биносини, Тошкент курантини ганч ўймакорлиги асосида безаш ишларида қатнашди. Бухородаги қадимий ёдгорликларнинг умрига умр қўшишдек хайрли ишларга ҳиссасини қўшди. Ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Нақш яратиш методикаси, ганчкорлик санъатини ривожлантиришга оид билимларини қоғозга туширди. Умуман, унинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташланса, Уста Ширин ганчкорлик, наққошлик, миллий маданий бойликларимизни қандай қилиб асраб-авайлаш борасида бутун бошли мактаб яратганини ҳис этиш мумкин.
Халқимизнинг фидойи бу фарзанди 1943 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони билан тақдирлангани, Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи йиғилишидаёқ у бу нуфузли муассасанинг фахрий аъзоси этиб сайлангани бежиз эмас. Истиқлол йилларида эса “Буюк хизматлари учун” ( 2001 йил) ордени билан тақдирланди.
Уста Ширин Муродов 1957 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.Ўшанда у 77 ёшда эди. Қабри Чиғатой қадамжосида.
Эзгулик ҳеч қачон унутилмайди. Тошкент ва Бухоро шаҳарларида Уста Ширин номига қўйилган кўчалар бор.1986 йилда эса сўлим Ситораи Моҳи Хосса ҳовлисида Уста Шириннинг бюсти ўрнатилди. У набираси, моҳир меъмор Нарзулла Муродов лойиҳаси асосида ҳайкалтарош Ҳаким Ҳусниддинхўжаев томонидан яратилган. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, у юртимизда халқ устасига ўрнатилган биринчи ва ягона бюст саналади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг