“...Ҳуқуқий, сиёсий, ҳарбий ёки маънавий нуқтаи назардан оқлаб бўлмайди”, “Очиқ-ойдин тажовуз…”, “Номақбул воқеа” — халқаро ҳамжамият Исроилнинг ҳужумига қандай муносабатда

Фото: Reuters
Бугун, 13 июнь тонггида Исроил Эронга зарбалар бериб, ядровий иншоотлар, ракета заводлари ва ҳарбий қўмондонларни нишонга олди. Эрон оммавий ахборот воситалари ва гувоҳлар портлашлар ҳақида хабар беришди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу буни “Исроил тарихида ҳал қилувчи лаҳза” деб таърифлар экан, операция “қанча керак бўлса, шунча” давом этиши кутилаётгани, унда Эрон ядровий олимларини ҳам нишонга олинганини айтди.
Ўз навбатида, узоқ вақтдан бери ядровий фаолияти тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаб келган Эрон қасос олишга ваъда берди.
«Бугун тонгда ционистик режим шайтоний, қонли қўллари билан азиз юртимизда жиноят содир этди. Бу режим қаттиқ жазони кутиши керак. Аллоҳнинг марҳамати билан Ислом Республикаси Қуролли кучларининг қудратли қўли уларни жазосиз қолдирмайди. Ционистик режим бу жинояти билан ўзи учун аччиқ, аламли тақдирни тайёрлаб қўйди, уни албатта кўради», — деди Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий.
Исроил Теҳроннинг жавоб ракеталари ва учувчисиз самолётлари зарбаларини кутиб, фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳужум оқибатида мамлакатнинг бир қанча юқори лавозимли қўмондонлари ва ядро дастури устида ишлаётган олимлари ҳалок бўлган. Жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – “Хатам-ал-Анбия” марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид ҳамда ядро дастури устида иш олиб бораётган олимлар – физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фариддун Аббос Давоний ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, зарбалар оқибатида Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони генерал Муҳаммад Бағирий ҳам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Теҳронда тинч аҳоли вакилларидан камида ўн киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, камида 50 киши тан жароҳати олган, улардан 35 нафарга яқини аёллар ва болалардир. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениеси бошловчиси жонли эфир вақтида айтиб ўтди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон Исроилнинг ҳужумга қарши жавоб операцияни бошлаган. Ислом Республикаси 100 та учувчисиз учоқни яҳудий давлатига қарата учирган.
Исроилнинг ушбу ҳужум халқаро ҳамжамият томонидан кескин норозилик билан кутиб олинди.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутeррeшнинг Матбуот котиби “Бош котиб Яқин Шарқдаги ҳар қандай ҳарбий кучайишни қоралайди. У, айниқса, Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга ҳужумидан хавотирда… Бош котиб ҳар икки томонни ҳар қандай ҳолатда ҳам чуқурроқ можарога, минтақа чидаши мумкин бўлмаган вазиятга тушиб қолмаслиги учун максимал даражада вазмин бўлишини сўрайди”, — дея баёнот берди.
“Бугун тунда Исроил Эронга қарши бир томонлама чора кўрди. Биз Эронга қарши зарбаларда иштирок этмаймиз ва бизнинг энг муҳим вазифамиз минтақадаги АҚШ кучларини ҳимоя қилиш. Очиғини айтаман: Эрон АҚШ манфаатларини ёки ходимларини нишонга олмаслиги керак”, — деди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилни ҳимоя қилишга ваъда берди.
“АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон томонидан жавоб ҳужумига учраган тақдирда мамлакат Исроилни ҳимоя қилишга ваъда берди”, деб ёзмоқда “Fox News”. Нашр мухбири Оқ уй раҳбари билан бу борада телефон орқали гаплашган.
Трамп Исроилнинг зарба бериш режасини олдиндан билган, бироқ Вашингтон ҳеч қандай ҳарбий жиҳатдан аралашмаган.
“Австралия Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятнинг кучайишидан хавотирда. Бу аллақачон беқарор бўлган минтақани янада беқарорлаштириш хавфини туғдиради. Биз барча томонларни кескинликни янада кучайтирадиган ҳаракатлар ва риторикадан тийилишга чақирамиз. Биз барчамиз Эроннинг ядровий ва баллистик ракета дастурлари таҳдиди халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётганини тан оламиз ва барча томонларни мулоқот ва дипломатияга устувор аҳамият беришга чақирамиз”, — деди Австралия ташқи ишлар вазири Вонг Пенни.
“Бу Яқин Шарқдаги ҳақиқатдан ҳам номақбул воқеа. Ҳисоб-китобларни нотўғри қилиш хавфи юқори. Минтақа кейинги ҳарбий ҳаракатларга ва у билан бирга келадиган хавфларга муҳтож эмас”, — дейди Янги Зeлландия Бош вазири Кристофер Лаксон.
“Япония вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун барча зарур дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширишда давом этмоқда, шу билан бирга Япония фуқароларининг ҳимоясини таъминлаш учун барча чораларни кўради”, — деди Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяси.
“Ўмон бу ҳаракатни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, халқаро ҳуқуқ тамойилларини қўпол равишда бузувчи хавфли, ўйламасдан кучайиш деб ҳисоблайди. Бундай тажовузкор, қатъий хатти-ҳаракатлар қабул қилиб бўлмайдиган ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликни янада беқарорлаштиради. Ўмон Султонлиги Исроилни ушбу кескинлашув ва унинг оқибатлари учун жавобгар деб ҳисоблайди ва халқаро ҳамжамиятни ушбу хавфли ҳаракатни тўхтатиш учун қатъий ва аниқ позицияни эгаллашга чақиради” — деди Ўмон Султонлиги муносабатида.
“Индонезия Исроилнинг Эронга ҳужумини кескин қоралайди. Ҳужум мавжуд минтақавий тарангликни кучайтириши ва потенциал равишда кенгроқ можарога сабаб бўлиши мумкин. Барча томонлар максимал даражада вазмин бўлиши ва кескинликни кучайтирадиган ёки кейинги беқарорликка олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатлардан қочиши керак” — дейилади Индонeзия ташки тишлари вазирлигининг расмий муносабатида.
“Саудия Арабистони Исроилнинг қардош Эрон Ислом Республикасига нисбатан унинг суверенитети ва хавфсизлигига путур етказувчи, халқаро қонунлар ва меъёрларни очиқдан-очиқ бузувчи очиқ-ойдин тажовузини кескин қоралайди”, — дейилади Саудия Арабистони муносабатида.
Россия Федерация кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачев Исроилнинг Эронга берган зарбаларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган деди. Сенаторнинг таъкидлашича, Теҳроннинг жавоби муқаррар ва мамлакатлар ўртасидаги кескинлашув юқорига қараб давом этади.
“Исроилнинг ҳаракатларини ҳуқуқий, сиёсий, ҳарбий ёки маънавий нуқтаи назардан оқлаб бўлмайди”, — дейди Косачев.
“Исроилнинг Эронга зарба бергани ҳақидаги хабарлар хавотир уйғотмоқда ва биз барча томонларни орқага чекинишга ва кескинликни зудлик билан пасайтиришга чақирамиз. Эскалация минтақадаги ҳеч кимга фойда келтирмайди. Энди вазминлик, хотиржамлик ва дипломатияга қайтиш вақти”, — дейди Буюк Британия бош вазири Кир Стармер.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг