Юридик таълим сифатини тубдан ошириш — асосий мақсад
Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқ соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланадиган Тошкент давлат юридик университети доим миллий ва минтақа миқёсидаги илмий-таълим ҳудудда юқори ўринларни эгаллаб келган.
1991 йил 15 августда Тошкент давлат университетининг юридик факультети негизида Тошкент давлат юридик институти ташкил этилди, шу вақтдан бошлаб университет мустақил таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2013 йил 28 июнда ТДЮИ университет мақомига эга бўлди. Шу тариқа, 2021 йил университет ўзининг юбилейини — мустақил олий таълим муассасаси сифатида ташкил топганининг ўттиз йиллигини нишонлади.
Мана, ўттиз йилдирки, университет Ўзбекистонда юридик таълим, фан ва ҳуқуқий сиёсатни ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони университет учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки суд-ҳуқуқ тизимини тубдан қайта ислоҳ этиш, ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш, юридик таълим сифатини тубдан ошириш ғоятда муҳим.
Замонавий университет муносиб илмий базага эга бўлмай туриб, таълим бозорида муваффақиятли рақобатлаша олмайди.
Шунга кўра, университетда ҳуқуқ соҳасида 14 та ихтисослик бўйича фан доктори илмий даражасини бериш бўйича Кенгашлар фаолият юритмоқда. Шубҳасиз, «Университет 3.0» концепцияси доирасида фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш мақсадида университетда «Илмий-инновацион марказ — кафедра — ишлаб чиқариш» триадаси яратилганини ҳам ижобий жиҳат сифатида эътироф этиш мумкин.
Бунда, ҳуқуқ соҳасидаги энг сўнгги замонавий илмий ва таълим маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун университетда ҳуқуқ соҳасидаги халқаро маълумотлар базалари (LexisNexis, Westlaw, JSTOR ва бошқа)га кириш ва фойдаланиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш доирасида “PRVD.UZ” (илмий таржима хизмати), “LAWLIB.UZ” (илмий тадқиқотларни техник қўллаб-қувватлаш хизмати), “AD-LEX.UZ” (юридик хизматлар кўрсатиш субъектлари маълумотлар базаси) пилот лойиҳалари ишга туширилган.
ТДЮУнинг умумжаҳон тан олинган илмий нашрлар базаларига кириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Масалан, университетнинг «Юридик фанлар ахборотномаси – Вестник юридических наук – Review of Law Sciences” ҳуқуқий илмий-амалий журнали Digital Commons Network глобал тизимига интеграция қилинган, шунингдек, бутун МДҲ ҳудудида тан олинган РИНС (E-library) ҳамда Cyberleninka (cyberleninka.ru) ахборот базаларига кирган. 2020 йилда университетда ҳуқуқ соҳасида “TSUL Legal Report” инновацион электрон халқаро илмий журнали яратилди, у legalreport.tsul.uz платформасида мақолаларни чоп этади.
Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университети кўпчилик халқаро университетлар ҳамжамиятларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Масалан, таълим муассасамиз Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Халқаро университетлар ассоциацияси, Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси, Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциацияси, Халқаро университетлар бирлашмаси ва Европа олий таълим муассасалари ассоциацияси сафига қўшилди.
Бундан ташқари, университетнинг жаҳонда энг машҳур QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), THE (Times Nigher Education) ташкилотлари юритадиган рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Times Higher Education Impact Ranking рейтинги натижаларига кўра, Тошкент давлат юридик университети республика олий таълим муассасалари ичида энг юқори натижани қўлга киритиб, дунёнинг турли давлатларида жойлашган минглаб иштирокчи университетлар орасида 401-ўринни эгаллади.
ТДЮУ экологик ҳаракатлар доирасида ҳам жаҳонда танилмоқда. Жумладан, энг сўнгги ютуқлардан бири – ТДЮУ “Universitas Indonesia«нинг дунё университетларида Яшил иқтисодиёт билан боғлиқ мавжуд ҳолат ва сиёсат бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларини тақдим этувчи “UI GreenMetric World University Ranking” рейтингида дунёнинг TOP-500 университетлари рўйхатига киритилиб, 496-ўринга лойиқ деб топилди.
Кеча, яъни 2022 йил 15 февраль куни Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти — Times Higher Education томонидан Young University Rankings — 2022 (Ёш университетлар рейтинги — 2022) рейтинг натижаларига кўра, ТДЮУ илк бор янги турдаги мақом — репортёр (мухбир) университетлар қаторида эътироф этилди.
ТДЮУ ушбу мақом орқали THEнинг нуфузли рейтингларига кириш учун номзод сифатида тан олиниб, мазкур йўналишда Times Higher Education университетга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканлиги баён этилди.
Университетда илмий ютуқларни ҳаётга жорий этиш инновацион ишга тушириш майдончалари – стартаплар орқали амалга оширилади. Улар ҳар бир устувор йўналиш учун яратилган. Бу борада Юридик клиника фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Бу тузилма нафақат бўлажак юристларни ўқитади, балки бу ерда ҳуқуқий технологияларнинг энг янги усуллари жорий этилади, семинарлар ва юридик хизматларнинг (шу жумладан, университетнинг Legal Tech лабораториясида яратилган) илмий апробацияси ўтказилади. Мисол учун, замонавий электрон таълим технологиялари Жаҳон банки билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган “E-University” лойиҳасида ўз аксини топган, бундан ташқари, Legal Tech лабораторияси томонидан Legal City мобил иловаси ва веб-платформаси яратилган, улар оммабоп Google Play Market платформасида жойлаштирилди.
Университет стратегик ривожланиш йўлида белгилаган устувор йўналишлар университет миссиясининг аниқ тасаввурини намойиш этади, улар нафақат илмий тадқиқотларни, балки ҳуқуқнинг барча соҳасида энг замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқишни кўзда тутади.
Бу университет ютуқларини тасдиқлаб, янада юксак илмий натижаларга эришиш ва фаолиятни ҳар томонлама халқаро даражага кўтаришга йўналтиради. Айни дамда мамлакатимизнинг етакчи юридик университети сифатида муассасамиз ҳудудлар билан фаол ҳамкорлик қилиб, ҳуқуқшуносликнинг турли тармоқлари учун юридик кадрларни тайёрлашни таъминлайди. Бунинг натижасида, бугунги кунда битирувчиларнинг ҳақиқий касб бўйича бандлик даражаси 90 фоиздан ортиқ, бу эса университетда берилаётган таълим ва иш берувчилар интеграцияси амалда эканидан далолат беради.
Университетда ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) модуль-кредит таълим тизими қабул қилинган ва «икки томонлама диплом» дастурларини амалга ошириш йўлида ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу академик алмашинув дастурига мувофиқ, талаба ТДЮУ дипломи билан бир вақтда хорижий олий таълим муассасасининг дипломини ҳам олади, чунки таълимнинг бир қисми ҳамкор университетда (масалан, Хитой, Литва, Қозоғистон, Беларус ва ҳок.да) давом этади.
Қолаверса, университетда талабаларнинг нафақат касбий тайёргарлиги, балки маданий, спорт ва ижтимоий турмуши учун барча шароит яратилган. Кенг кампус, спорт майдончалари, улкан ахборот-ресурс базаси ва онлайн буюртма технологияларига эга энг замонавий ва технологик кутубхона мавжуд. Миллий ва минтақавий иш берувчиларнинг тобора ўсиб бораётган эҳтиёжларини, шунингдек, хорижий талабалар сонининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, 23 гектар майдонда университетнинг энг замонавий янги кампуси қурилиши бошланмоқда.
Умуман, юридик таълим ва фан тизимида муносиб ўрин эгаллаган Тошкент давлат юридик университети таълим хизматлари сифатини ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини юксалтириш, кўп қиррали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида ишончли ривожланишда давом этмоқда. Университет стратегиясидан келиб чиқадиган бўлсак, университетнинг якуний мақсади ва ўзига хос миссияси юридик таълим, инновациялар ва амалиёт интеграцияси соҳасида умумэътироф этилган минтақавий ҳамда жаҳон «хаб»ларидан бирига айланишдир.
Нодирбек СAЛAЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
проректори, юридик фанлар доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг