Юрак хуружи ва инсульт хавфини оширадиган озиқ-овқатлар гуруҳи маълум қилинди

15:57 09 Февраль 2026 Илм-фан
819 0

Иллюстратив фото

Ультра қайта ишланган озиқ-овқатларга бой парҳез юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада ошириши мумкин. Бу ҳақда Флорида Атлантика университети қошидаги Чарлз Шмидт номидаги тиббиёт коллежи олимлари томонидан чиқарилган хулосада маълум қилинди.

Ультра қайта ишланган озиқ-овқатлар — бу шакар, ёғ, туз, крахмал ва кимёвий қўшимчалар, жумладан, эмульсификаторлар ва хушбўйлаштирувчиларга бой саноатда ишлаб чиқарилган истеъмол маҳсулотларидир. Уларга шакарли ичимликлар, газаклар, колбасалар, қайта ишланган ва тайёр озиқ-овқатлар киради. АҚШда бундай озиқ-овқатлар ҳозирда катталар рационининг тахминан 60, болалар рационининг 70 фоизгача қисмини ташкил қилади.

Муаллифлар 2021–2023 йиллардаги АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш ва овқатланишни текшириш тадқиқоти маълумотларини таҳлил қилишди. Тадқиқотда 18 ёшдан ошган 4787 нафар америкалик катталар иштирок этди, улар ўзларининг овқатланиш тартиби ва юрак хуружи ёки инсульт тарихи ҳақида батафсил маълумот беришди.

Иштирокчилар рационидаги ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларининг улушига қараб тўрт гуруҳга бўлинди. Ёши, жинси, миллати, даромади ва чекиш ҳолати ҳисобга олингандан сўнг, ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини энг кўп истеъмол қиладиганлар юрак-қон томир касалликлари хавфини уларни камроқ истеъмол қиладиганларга нисбатан 47 фоиз юқори эканлиги аниқланди.

“АҚШ аҳолисининг катта, вакиллик намунасига асосланган бизнинг топилмаларимиз шуни кўрсатадики, ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш юрак хуружи ва инсульт хавфининг статистик ва клиник жиҳатдан сезиларли даражада ошиши билан боғлиқ”, — дейди тадқиқотнинг катта муаллифи профессор Чарлз Хеннекинс.

Ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш илгари семизлик, гипертензия, липид метаболизми бузилишлари, инсулин қаршилиги ва сурункали яллиғланиш — юрак-қон томир касалликлари учун асосий хавф омиллари билан боғлиқ эди.

“Гап фақат индивидуал танлов ҳақида эмас. Соғлом озиқ-овқат осон ва қулай альтернатива бўлган муҳитни яратиш муҳимдир”, деб таъкидлади Ҳеннекинс.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш нафақат юрак-қон томир касалликлари билан, балки, айниқса ёшларда, йўғон ичак саратонининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Муаллифлар аниқ хулосалар чиқариш учун тасодифий клиник тадқиқотлар зарур бўлсада, шифокорлар аллақачон беморларга юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларининг бир қисми сифатида ультра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишни камайтиришни тавсия қилишмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?