“Юрагим ҳам дарахтзор каби, ниманидир олқишламоқда...”

19:03 20 Март 2025 Маданият
336 0

21 март — Ўзбекистон қаҳрамони,

Ўзбекистон халқ шоири

Абдулла Орипов таваллуд топган кун

* * *

Кўпдан кутган эдим орзиқиб, мана,

Булутлар тарқалди тўкишиб кўз ёш.

Хаёлим осмондай ёришди яна,

Ёруғ кунларимдай порлади қуёш.

Шошқин дарёларнинг зангордир лаби,

Шамоллар ўйнайди йироқ-йироқда.

Юргил, сайр этайлик, юргил, малагим,

Дунё ташвишлари қолсин узоқда.

Кўряпсанми, қандай яшармиш олам,

Бепарво гўдакдай жилмаяди жим.

Гўдагим, бу чирой қайтмайди ҳечам,

Қайтмагани каби менинг ёшлигим.

Бугун бош устингда яшнаган япроқ,

Шовуллаб тўкилар эрта пойингга.

Бу учқур йўловчи солмайди қулоқ

Сенинг илтимосинг, сенинг раъйингга.

Хазонли августнинг бирор оқшоми,

Уни кўрарсанми, тушингда такрор?

Майлига, ўзгадир кузнинг илҳоми,

Бугун-чи, кўз ташла, атрофда баҳор.

Қани, қўлгинангни бергил жимгина,

Шу маъсум йўлчига қўяйлик ихлос.

Шоирлар алдайди бизни, жонгинам,

Баҳор доим эмас, уч ойдир холос...

* * *

Қани, най бер менга, дўстгинам,

Бергил, майли, рубоб бўлса ҳам.

Бер, бир нафас бўшатиб олай

Тўлиб кетган юрагимни ман.

Қаламимнинг кучи етмади

Ҳисларимни бутун тўкмоққа,

Дўстим, тингла япроқчаларнинг

Шивирлаши эшитилмоқда...

Гўзал, сокин оқшом чўкмоқда,

Тебранади елда чироқлар.

Дарахтзор ҳам сокин солланар...

Қандай маъсум, эрка бу чоқлар.

Қандай ширин дамлар... менинг ҳам

Юрагимда бир ҳис тошмоқда,

Юрагим ҳам дарахтзор каби

Ниманидир олқишламоқда.

Кўзларимга бу ёруғ олам

Кўринмоқда бирам суюмли.

Қани, най бер менга, дўстгинам,

Тўкай тўлиб кетган кўнглимни.

* * *

Қўйгил, у кунларни эслатма менга,

Қалбимни ёқмасин бу хазон фаслинг.

Энди бегонаман, жонгинам, сенга,

Энди бегонадир менга ҳам васлинг.

Гоҳида севиниб, гоҳи ғамдадир,

Ишқ узра ёзардим мен эркин қанот.

Билмайман қайси кун, қайси дамдадир,

Менинг қисматимга чанг солди сайёд.

Унинг қўлидадир бу кун имконим,

Бу кун ҳамроҳимдир гўзал изтироб.

Қўйгил, у кунларни эслатма, жоним,

Қўйгил, юрагимга сен берма азоб.

Ўзгалар юзимга боқса ҳам ҳайрон,

Фақат сен томоша қилма ҳолимни.

Фақат сен шеъримни севма ҳеч қачон,

Фақат сен ҳимоя қилма номимни.

Дариғ тут ишваю назокатларинг,

Фақат сен юзимга боқмагил кулиб.

Ҳайҳот, энди барча илтифотларинг

Менга туюлади масхара бўлиб.

ГЎЗАЛЛИК

Кузнинг рутубатли оқшоми эди,

Боғлар секингина чекар эди оҳ.

Руҳимда бир хазон айёми эди,

Ажиб гўзалликка дуч келдим ногоҳ.

Мисли хаёл эди у малак сиймо,

Чирой оламининг тенгсиз сайқали.

Кўзларим олдида турарди гўё

Навоий ғазалин тирик ҳайкали.

Бир зум кўзларимдан йўқолди уйқу,

Бир зум баҳор каби ёришди олам.

Бир зум хаёлимдан чекинди қайғу,

Бир зум юрагимдан кетди ғам-алам.

Бир зум гўзалликнинг ҳузурида жим

Самовий ҳисларга бўлиб қолдим банд.

О, доно табиат, о, буюк ҳаким,

Ҳикмат кўрмадим ҳеч мен сенга монанд.

Ўзинг юракларга чўктириб кадар,

Халос ҳам қилурсан раҳм этган дамда.

Шундай гўзалларни яратмасанг гар,

Қолиб кетармидик доимо ғамда.

ОҲУ

Маконинг бўлибди тоғлар ораси,

Сенсан гўзалликнинг асли, сараси.

Маъюс юрагингда ишқнинг яраси,

Сен ҳам ошиқмисан ёки оҳужон.

Даралар қўйнида нени истарсан,

Нечун доим ғамгин, доим музтарсан.

Латиф шижоатинг қайга қистарсан,

Сен ҳам ошиқмисан ёки оҳужон.

Йўқ, сен ахтармассан тоғлардан макон,

Ва на гўзаллигинг учун шуҳрат-шон.

Сайёд жабри сенга бермагай имкон,

Сен ҳам ошиқмисан ёки оҳужон.

Қўй, жоним, кўзларинг тўлмасин ёшга,

Тонгда оёғинг қўй баланд бир тошга,

Сени қуёш ўзи кўтаргай бошга,

Сен ҳам ошиқмисан ёки оҳужон.

Шеърлар шоирнинг “Йиллар армони” китобидан олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?