Юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари

Яқин ўтмишда юртдошларимиз учун буйрак ёки жигар трансплантацияси, юрак ёки мия соҳасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари деярли имконсиздек туюларди. Бундай операциялар фақат пойтахт ёки хориждаги клиникаларда бажарилганлиги боис кўпчилик беморлар вақт, маблағ ва саломатлик борасида катта муаммоларга дуч келарди. Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда тиббиёт тизимининг изчил ривожланиши натижасида, юқори технологияли тиббий хизматлар кўпаймоқда. Энг муҳими, ушбу хизматлар фуқаролар учун мутлақо бепул бўлиб, тиббий суғурта тизими ва Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўлиқ молиялаштирилмоқда.
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилда 20 714 та умумий жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлса, 2024 йилда 22 188 тани ташкил қилди. Қолаверса, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Агар 2023 йилда бундай операциялар 2 300 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони яна 500 тага ортиб, 2 800 тага етди. Бу — фақат статистик ўсиш эмас, балки беморлар саломатлиги учун янги даражадаги имкониятлар демакдир.
Шифокорларимизнинг хорижий тажрибаси айнан шу натижаларни таъминлашга хизмат қилмоқда. Сўнгги уч йил давомида кўплаб шифокорлар Россия, Туркия каби илғор давлатларда қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш курсларида қатнашиб, амалий тажриба орттириб қайтди. Бугун улар олган билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этмоқда. Сирдарё туманида яқинда ўтказилган буйрак кўчириш операцияси — бунга яққол мисол. Яъни эллик ёшли беморга унинг ўз акаси донорлик қилди. Жарроҳлик амалиёти маҳаллий мутахассислар томонидан муваффақиятли бажарилди.
— Бундай даражадаги операциялар авваллари фақат республика ихтисослашган марказларида ёки хорижда ўтказилган бўлса, эндиликда биз вилоятнинг чекка бир туманида ҳам шундай масъулиятли ва мураккаб амалиётни бажардик, — дейди вилоят бош трансплантологи Шерзод Тошмаматов. — Бу ютуқ шунчаки натижа эмас, балки йиллар давомида орттирилган билим ва тажрибанинг самараси, замонавий жиҳозларнинг амалиётдаги қўлланилиши, энг муҳими, тиббиёт ходимларига бўлган ишончнинг натижасидир.
Бугун вилоят тиббиёт тизими янада ривожланиш босқичига ўтмоқда. 2025 йил охиригача илк бор жигар трансплантацияси ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда бу борада зарур тиббий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бундай жарроҳлик амалиётлари учун зарур бўлган энг замонавий тиббиёт ускуналари ҳам тўкис-тугал тахт қилинмоқда.
Бугун Сирдарёдаги барча йирик тиббиёт муассасалари замонавий ускуналар билан таъминланган. Лапароскопик ускуналар, эндоскоплар, ангиография тизими, компьютер томографияси, магнит-резонанс томографияси, сунъий нафас олдириш ва мониторлаш аппаратлари, кўплаб замонавий диагностика воситалари — буларнинг барчаси мураккаб операцияларни жойида, қисқа муддатда ва хавфсиз ўтказиш имконини бермоқда.
Эътиборлиси, тиббий туризм — Сирдарёда жадал шаклланаётган янги йўналишга айланган. Вилоятдаги ихтисослаштирилган шифохоналарга бугун юртимизнинг бошқа ҳудудларидангина эмас, балки Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон каби қўшни давлатлардан ҳам беморлар мурожаат қилмоқда. Ҳатто Россиядан ҳам даволаниш учун келаётганлар қайд этилмоқда. Бу юртимиз тиббиёти халқаро миқёсда ҳам танилаётганидан далолатдир.
Бугунги кунда Сирдарёда юқори технологик тиббий хизматлар аҳолига яқинлашмоқда. Энди аҳоли энг илғор тиббий хизматни ўз шаҳрида, ўз шифокорлари орқали, давлат ёрдами билан олмоқда. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг