ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги конференцияси: тараққиётнинг асосини маърифат таъминлайди
Юрт тараққиётини белгиловчи омиллардан бири келажакка қўйилган пойдевордир. Унинг мустаҳкамлигини эса илм аҳиллари ва таълимга рағбатли етакчининг ислоҳотлари белгилайди. Айни жараёнда юрт аҳли, жумладан, ёшлардан ҳам талаб этилувчи вазифалар бор: бу – замонавий дунё илмлари, техника, технологиялари ҳамда жаҳон тилларини ўзлаштиришга бўлган иштиёқдир. Бугун Ўзбекистонда мазкур илмларни эгаллаш йўлидаги имкониятларнинг қиёси йўқ.
Шижоатли ёшлари ва улуғ мақсади бўлган давлат эса халқаро майдонларда ўз сўзини баралла айта олади, десак, муболаға бўлмайди. Ўз ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бугун ўз тараққиётинигина эмас, жаҳон ҳамжамияти фаровонлигини таъминловчи стратегик мақсадларни илгари сурмоқда.
Жорий йил 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бошланган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси тарихий сессияси қирқ йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида, яъни Ўзбекистонда ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Бу аввало юртимизнинг халқаро сиёсатдаги мустаҳкам позицияси, қатъий ишонч билан амалга ошираётган лойиҳалари ҳамда уларнинг самарасига бўлган эътирофдир.
Сир эмас, ушбу тадбир нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё аҳли тақдирига дахлдорлиги билан муҳим саналади. Замонавий давр руҳини фақатгина фаровон яшашни эмас, илм-маърифат ҳаёт кечиришга ундамоқда. Буни теран англаган Ўзбекистон сиёсати илк очиқлик давридаёқ ёшларининг қўлига китоб тутди, унинг самарасини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш билан исботлади. Бу борада мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган йўллар учун асосли ва мустаҳкам вазифалар белгиланди.
Бу борада мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг кафедралари ва ҳамкор мактаблари фаолият юритмоқда, Тошкент ва Фарғона шаҳарлари Таълим шаҳарлари глобал тармоғига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этар экан, ташкилот ўзининг 80 йиллик фаолияти давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нуфузли халқаро институтга айланганини қайд этди.
— Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, — дея давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт ва маданият бешиги бўлган Самарқанднинг буюк меросини ёдга олди. Хусусан, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини эслатиб ўтди. Президентимиз меҳмонларни Буюк ипак йўли дурдонаси, тинчлик ва халқлар дўстлиги диёри бўлган Самарқанд руҳидан баҳраманд бўлишга чорлади.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессияси раиси Хондкер Муҳаммад Талханинг буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг «Билим ва ҳикмат – инсоннинг зийнатидир», деб ёзган мисраларини тилга олгани ҳам дунё ҳамжамиятининг юртимиз заминида етишиб чиққан аждодларга бўлган эҳтиромининг ифодаси бўлди.
— Бу сўзлар Ўзбекистон Президентининг йўлини – таълим, фан, мерос, жамиятга хизмат қилиш ва умумий фаровонликка бағишланган йўлни жуда яхши акс эттиради, — деди сессия раиси.
Маълумки, ЮНЕСКО ўтган давр мобайнида таълим, илм-фан, маданият, санъат, ахборот соҳасида глобал ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик борасида жаҳондаги нуфузли институт сифатида ўзини намоён этиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон стратегияси” эса мустақиллик ғоясини мазмунан бойитиш, инсон қадри, адолат ва қонун устуворлиги каби тамойиллар билан ҳамоҳанг тарзда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини халқаро стандартларга мувофиқ ислоҳ этди.
Жумладан, мактабгача таълим тизимида қамров 2016 йилдаги 27 фоиздан 2024 йилда 76 фоизга етди, бу эса мактабгача ёшдаги болаларнинг тўлақонли ривожланиши, уларни эрта таълим жараёнига жалб этиш ва замонавий педагогик методлар асосида тарбиялаш учун мустаҳкам замин яратди.
Шу билан бирга олий таълим қамрови 2016 йилдаги 9 фоиздан 2024-2025 ўқув йилига келиб 43 фоизга етди, бу эса ёшлар учун академик ва касбий ривожланиш имкониятлари кескин кенгайганидан далолат.
Яна бир жиҳатни унутмаслик керак, бугун дунё кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида қолган. Оқибатда эса ноёб дурдоналар, илмий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий меросга зиён етказилмоқда.
Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Шулар туфайли имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай вазиятда ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари самарали кечмоқда.
Президентимизнинг ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, буюк аждодларимиз – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзоднинг юбилейлари, Хоразм Маъмун академияси сингари илмий даргоҳлар, “Алпомиш” эпоси каби адабий ёдгорликларнинг тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарлари қаторига Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйлаб жойлашган бебаҳо обидалар ҳам қўшилди.
Бундан ташқари, “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския, кулолчилик ва наққошлик санъатлари, Наврўз айёми, атлас ва адрас ишлаб чиқариш анъанаси каби йигирмага яқин номоддий мерос намуналарини дунё халқлари муносиб эътироф этмоқда.
ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик, Этноспорт фестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, (2021 йил), “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, юзлаб маданий мерос объектлари илғор технология ва халқаро стандартлар асосида реставрация қилинди. Бу каби маърифатли ишлар дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг қадриятларга бўлган эҳтироми қай даражада юксалаётганини намойиш этмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва ЮНEСКО ҳамкорлигида болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.
Давлатимиз раҳбари 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди. Мулоқот жараёнида қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНEСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.
Давлатимиз раҳбари Бош конференциянинг 43-сессиясида ЮНEСКО фаолиятининг асосий йўналишларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурар экан, аввало инклюзив таълимни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устувор йўналиш экани таъкидланди. ЮНEСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини яратиш ва Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф қилди.
Шу билан бирга 19 ноябрь санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ва ЮНEСКО тузилмасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин.
— Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирамиз, — деди ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон ҳар бир ислоҳотида юксак илмга асос яратиш мақсадларини ўзида жамлаган. Ёшларни сифатли таълим билан таъминлаш, маданий меросни ўрганиш ва сақлаш, шу билан бирга, уларнинг ортидан улуғ илмларга йўл очишни мақсад қилган Янги Ўзбекистон ташаббуслари ҳамиша дунё ҳамжамиятининг эътирофига лойиқ бўлаверади. Зеро, тараққиётнинг асосини шубҳасиз, энг аввало маърифат таъминлайди.
Абдулазиз РУСТАМОВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг