Ёзёвондаги маҳаллаларда яшил жамоат парки барпо этилади

18:33 27 Октябр 2023 Жамият
517 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ёзёвон туманида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига киришилди. Эзгу ташаббус туманни кесиб ўтувчи ва Фарғона водийси ҳудудларини ўзаро боғловчи Буюк ипак йўли автомагистрали бўйларини обод қилишдан бошланди.

Шу мақсадда 4 гектар бўш майдон аниқланиб, илк куннинг ўзида 70 сотих ерга манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ҳашарда тумандаги 4 та сектор, корхона–ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

— Лойиҳа доирасида ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, нуронийлар, ёшлар ҳордиқ чиқарадиган яшил жамоат парклари ташкил этиш режалаштирилмоқда,—дейди Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов. —Бу борада бизда яхши тажриба бор. Ўтган йили “Хонобод” МФЙда барпо этилган илк яшил жамоат парки бутун вилоятга намуна қилиб кўрсатилди.

Шунингдек, айни йўналишда яна бир ташаббус илгари сурилиб, маҳаллалар, фермер хўжаликлари, корхоналарнинг бўш ер майдонлари ҳамда зовур бўйларига терак қаламчалари экилади. Терак 4–5 йилда қурилишбоп материал бўлади. Қолаверса, теракни қайта ишлаш борасида Ёзёвонда катта ҳаётий тажриба бор. Энг муҳими, йилнинг тўрт фаслида ҳам ушбу маҳсулотнинг бозори чаққон.

Ботир МАДИЁРОВ“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?