Ёзги трансферлар ойнасида 25 миллион евро сарфлаган «Барселона» чемпионликни сақлаб қола оладими?

Ўтган ҳафта Испанияда Ла Лига мусобақаси старт олди. Амалдаги чемпион «Барселона» дастлабки турда «Мальорка» майдонига сафар уюштириб, йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди.
Бугун Ҳанс Флик бошчилигидаги ушбу жамоанинг ёзги трансферлар ойнасидаги ҳаракатлари ва бу йилги имкониятларини таҳлил қиламиз.
Кимлар жамоани тарк этди?
2025 йилги ёзги трансфер ойнасида «Барселона» қуйидаги футболчиларини йўқотди:
• Иньиго Мартинес – 9 август куни шартнома бекор қилиниб, Саудия Арабистонининг «Ал-Насср» клубига эркин агент сифатида ўтди;
• Алекс Валле – «Комо» клубига 6 миллион евро эвазига сотилди;
• Клеман Лангле – шартнома якунлангандан кейин «Атлетико Мадрид» жамоасига эркин агент сифатида йўл олди;
• Ансу Фати – Франциянинг «Монако» клубига ижарага берилди;
• Пабло Торре – «Мальорка» клубига 5 миллион еврога трансфер қилинди;
• Пау Виктор – Португалиянинг «Брага» клубига 12 миллион еврога сотилди.
Шунингдек, жамоани бир қатор ёш футболчилар ҳам тарк этишди.
Ёзги трансферлар ойнасидан кейин «кўк-анорранглилар»нинг мудофаасида муаммо юзага келмоқда. Жамоа бир эмас, 2 нафар яхши савияли марказий ҳимоячидан айрилди. Флик эса улар ўрнига бошқа ҳимоячи олиб келмади. Демак, Каталония клуби Роналд Араухо, Пау Кубарси ва Андреас Кристенсенга ишонмоқда.
Жамоага қўшилганлар?
«Барселона» ёзги трансфер ойнасида қатъий молиявий чекловлар остида ҳаракат қилган бўлса-да, қуйидаги асосий трансферларни амалга оширди:
• Жоан Гарсиа – «Эспаньол» жамоасидан 25 миллион евро эвазига сотиб олинди;
• Маркус Рэшфорд – «Манчестер Юнайтед» жамоасидан ижарага олинди.
Молиявий муаммолар сабаб «Барселона» ёзда таркибни жиддий кучайтиришга эмас, асосий футболчиларини сақлаб қолишга ҳаракат қилди ва буни уддалади ҳам. Таъкидлаш керакки, Рафинья, Гави, Ферран Торрес ва Кубарси каби футболчиларга бошқа клублардан яхши таклифлар бўлди. Аммо Каталония жамоаси уларни ўз таркибида олиб қолди.
Маркус Рэшфорд (27 ёшда, Англия фуқароси, ҳужумчи)
Бу ёзнинг энг кутилмаган трансферларидан бири бўлди дейиш мумкин. Пайтида Роналдуга қиёсланган футболчи «Барселона»га ўтди.
Ҳа, Роналду ва Месси «эраси» тугаётган бир вақтда, футболга яна икки даҳо кириб келганди. Месси ўрнида Мбаппе, Роналду ўрнида Решфорд. Бу қиёсловлар ҳақида кўп ёзилган...
Лекин айни пайтда ҳеч ким Маркус Рэшфордни Роналдуга ўхшатаётгани йўқ. Ўтган мавсум ундан қадрдон жамоаси «Манчестер Юнайтед»ни воз кечгани ўзи ушбу футболчини абгор ҳолатда эканини кўрсатади.
Маркус сўнгги интервьюларининг бирида Ламин Ямал билан бир жамоада ўйнаш ниятида эканлигини айтганди. Ушбу ният амалга ошди.
Унинг ўйинига тўхталсак, Рэшфорд тезкорлик ва дриблинг бўйича юқори даражага эга бўлиб, бу «Барселона»нинг қанотларда тезкор ҳужум қилиш фалсафасига мос келади.
У очиқ ҳудудлардан фойдаланишни яхши билади, аммо «Барселона» кўпроқ тор ҳудудларда комбинацион ўйин ўйнайди. Демак, бу жиҳати билан у ёки жамоа ўйинига янгилик олиб келади, ёки жамоавий ўйиндан «тушиб қолади».
Рэшфорд чап қанотдан марказга кескин кириб зарба беришни яхши кўради. Бу эса «Барселона»нинг Месси давридаги «кесувчи футбол» фалсафасига ўхшайди.
Умуман олганда, Рэшфорднинг шахсий хусусиятлари «Барселона»га қўшимча ҳужум қуроли бўлиши мумкин, бироқ у бу жамоа услубига тўлиқ мослашиши зарур.
Жоан Гарсия (24 ёш, Испания фуқароси, дарвозабон)
Сўнгги йилларда «Барселона» жамоасида дарвозабон масаласи жиддий муаммолардан бири бўлиб келаётганди. Тер Штегеннинг жароҳатлари ва баъзида ноаниқ ўйинлари жамоа учун ишончсизлик ҳиссини уйғотди. Айниқса, катта ўйинлардаги хатолар катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шу боис клуб раҳбарияти ёзги трансфер ойнасида асосий эътиборни айнан дарвозабон позициясига қаратди. Ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда кучайиш зарур бўлганига қарамай, ишончли посбон топиш биринчи ўринда турди.
Мана шу шароитда «Барселона» янги ном – Гарсияни олиб келди. Унинг трансфери кутилмаган бўлса-да, жамоа учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. Гарсия ёш, аммо катта тажрибали дарвозабон сифатида танилган. У тезкор реакцияси, баланд сакраши ва 1х1 вазиятлардаги ўйини билан эътибор қозонган.
«Барселона»даги сўнгги йиллардаги асосий муаммо – дарвозабоннинг тўп билан яхши муомала қила олмаслиги эди. Чунки жамоа услуби тўпни орқадан бошлаб назорат қилишни талаб қилади. Гарсия эса айнан шу жиҳати билан ажралиб туради: у тўпни тўғри узата олади, ҳимоячилар билан ишончли комбинация қуради.
Шунинг учун ҳам клуб раҳбарияти унга ишонган ҳолда катта қадам ташлади. Бу трансфер орқали «Барселона» дарвозабон масаласини ҳал этишни, жамоа тузилишини янада мустаҳкамлашни кўзламоқда.
Жамоанинг бу йилги имкониятлари
«Барселона» ўзининг ўтган йилги таркибини сақлаб қола олди. Жамоа ўйин фалсафаси бу йил ҳам ўтган йилгидек бўлади. Дарвозабон муаммоси ҳал бўлгани эса жамоага қўшимча плюс беради.
Бу мавсум ушбу жамоадаги футболчилар яна 1 йилга улғайдилар. Улардан янада каттароқ натижалар талаб қилина бошлади. Каталония клуби бу мавсум нафақат Испанияда, балки, Европада ҳам мусобақа бош совринини ютиш учун асосий даъвогар жамоалар қаторида турибди. Жамоанинг имкониятлари анча яхши. Буёғига нима бўлишини эса вақт кўрсатади.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг